Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг тегишли буйруғида сил хасталигини ҳозирги замон талабига мос текширув ва даволаш усуллари кўрсатиб берилган. Унга кўра сил бўйича бирламчи тизимда оддий микроскопия ва рентгенологик усулда текширувлар ўтказилади. Касаллик тасдиқланмаса, текширув махсус муассасаларда давом эттирилади.
Бу текширувлар лаборатор йўналиш бўйича культурал, молекуляр-генетик ва экспресс усулларидир. Ҳозирги кунда экспресс усулларидан бири Gene Xpert MTBRif- Наманган вилоят силга қарши кураш диспансерида амалга оширилмоқда. Бу усулда сил микробактериясининг мавжудлиги ва рифампицин сезгирлиги 2 соат мобайнида аниқланади. Рифампинцинга сезгирликни аниқланишига сабаб-бу сил хасталигининг даволашдаги муҳим ва кенг қўлланиладиган препарат ҳисобланади. Шифокорларга беморга қандай даволаш курси тавсия қилиш ҳақида маълумот беради.
Рифампинцинга сезгирлик сақланган сил беморларига 6-8 ойлик, сезгирлиги йўқ беморларга эса 18-24 ойдан иборат даволаш курслари тавсия этилади. Албатта, даволаш курсларининг узоқлиги, дори перепаратлари сони кўплиги, турли органларга ножўя таъсирлари силнинг бу тури билан оғриган беморларни даволашда қийинчиликлар туғдирмоқда. Аммо бу тартиб билан даволанмаса, беморлар хасталикдан қутила олмасликлари аниқланмоғи лозим.
Сил касаллигининг олдини олиш учун ҳар бир инсон турли сурункали касалликлардан, яъни шамоллаш, камқонлик, нафас йўллари нуқсонлари ва бошқа хасталиклардан ўз вақтида ва тўлақонли даволанишлари, соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари, тиббий кўрикдан мунтазам равишда ўтишлари керак.
Соғлом жамият барпо қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шунинг учун шифокор кўригига келишингиз, силнинг салгина аломатларини сезсангиз, бепарво бўлмаслигингиз керак.
Н. ХОЛМИРЗАЕВА,
Наманган шаҳар силга қарши курашиш диспансери бўлим мудири,
1-тоифали фтизиатр.