Ботулизм заҳари биологик фаоллиги жиҳатидан бошқа микроб ва токсинлардан энг кучлиси ҳисобланади. Айниб қолган озиқ-овқатлар: консерва, колбаса, дудланган балиқ маҳсулотлари орқали киши организмига киради. Ботулизм қўзғотувчилари турли йўллар билан ўтади: гўштга - ҳайвон сўйилаётганда, нимталаётганда, балиқларга эса тутилаётганда тирналган, жароҳатланган тери қопламаларидан ёки ичакларидан тушади. Кўп ҳолларда ботулизм тузланган балиқлардан тарқалади.
Сабзавот, мевалар ва қўзиқоринларга ботулизм қўзғотувчиларининг споралари асосан тупроқдан ўтади.
Ботулизм қўзғотувчилари ташқи муҳитга ўта чидамли. Споралари қулай шароитга тушиб қолганда кўпайиб, ўзидан токсин ажратиб чиқаради. Бунинг учун кислородсиз муҳит жуда қулай ҳисобланади.
Касаллик заҳари қонга тез сўрилади ва жуда кучли таъсир қилади. Яширин даври 2 соатдан 8-10 кунгача чўзилади. Ботулизм токсинлари билан зарарланган озиқ-овқатларни истеъмол қилингандан кейин 2-3 соат ичида, баъзи ҳолларда эса бир суткадан кейин, заҳарланган кишининг ошқозони беҳузур бўлиб қайд қилади. Боши қаттиқ оғрийди, оғиз бўшлиғи ва томоқ йўллари қурийди. Кўзи хиралашиб, ҳамма нарса қўшалоқ кўринади, қовоқлари тушиб кетади, бемор ютинишга, чайнашга қийналади. Ботулинотоксинга асаб тизими, айниқса, кучли сезгир бўлганлиги учун, менингеал симптомлар кузатилади. Бўйин ва оёқ мушакларининг заифлашиши, бунинг оқибатида бемор юришининг қийинлашиши кузатилади. Юрак-қон томир ва асаб тизимининг фаолияти кескин издан чиқади. Агар бемор вақтида шифокорга мурожаат қилмаса, унинг ҳаёти хавф остига қолади ва зудликда даво чоралари кўрилмаса ўлим билан якун топади.
Шифокор келгунига қадар беморга кўп миқдорда суюқлик бериш тавсия қилинади. Бу ошқозон-ичак йўлида микробларнинг заҳарли таъсирини бир мунча пасайтиради. Унга қарши зардоб беморга фақатгина шифохона шароитида қилинади.
Ҳозирда ботулизм қўзғотувчиларининг 6 та А, В, С, Д, Е, Р турлари аниқланган бўлиб, энг кўп тарқалган турлари А, В, Е ҳисобланади. Даволашда специфик ботулизм токсинларини нейтрализация қилувчи анатоксинлардан фойдаланилади.
Касалликнинг олдини олиш учун уй шароитида тайёрланган маҳсулотларни консервалашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш лозим. Уни ҳамиша сифатли маҳсулотлардан тайёрлаш керак. Қанчалик ювиб-қайнатилса, яъни микробдан ҳоли қилинса, шунча хавфсиз бўлади.
Қопқоғи кўтарилиб қолган консерваларни ва узоқ вақт туриб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ман этилади. Бозор ва савдо дўконларида ёрлиқлари бўлмаган, консерва маҳсулотларини сотиб олманг.
Сифати ва хавфсизлигига кафолат берувчи ҳужжати (сертификати) бўлмаса ишончли эмаслигини унутманг. Мева ва сабзавотлардан тайёрланган консерва банкаларини очишдан олдин чайқамасдан, яхшилаб кўздан кечириш, яъни банкадаги суюқликни тиниқлигига, маҳсулотни эзилмаганига эътибор беринг.
Ўзингизда ҳолсизланиш, сўзлашувнинг қийинлашиши, кўриш қобилятининг бузилиши, нафас олишнинг қийинлашувчи, ҳаракатланишда ўзгаришлар, юрак-қон-томир тизимидаги бузилишлар каби касаллик белгиларини сезсангиз, шу заҳоти шифокорга мурожаат қилинг.
Жасур МАШРАПОВ,
вилоят ДСЭНМ санитария
бўлими мудири.