- Илгарилари табиий гиёҳларнинг доривор хусусиятлари тўғрисида кўп эшитгандим, лекин амалда қўлламагандим. Дамлама, яъни солодка чойи дардни енгиллатишда, хасталикни даволашда жуда яхши натижа берди. Тўғри муолажа буюрган шифокоримга раҳмат айтаман. Айниқса, организмга безиёнлиги менга янада ёқди...

Албатта, эл саломатлигини сақлашда табиий неъматлар, шифобаҳш гиёҳлар ижобий самарасини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Аҳолини соғломлаштириш ва беморларни доривор гиёҳлар билан тайёрланган дамлама (сок)лар билан таъминлаш" борасидаги буйруқ кўрсатмаси бўйича вилоятимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Нафақат даволаш профилактика муассасаларида, балки қишлоқ врачлик пунктларида ҳам фитобарлар ташкил қилинган.

Наманган туманидаги "Боғишамол" ҚВПда ташкилланган мўъжазгина фитобар Қўрғонча, Қурама, Қорасув ҳудуди аҳолиси соғлиғини сақлашда беминнат мадад бўлаётир.

- Фиточойлар учун масъуллик олий тоифали ҳамшира Хуснида Каримовага юклатилган, - дейди ҚВП мудири Мархабо Оҳунова. - УАШ шифокорлари Раҳима Умарова, Раҳима Муҳиддиновалар қабулларига келишган беморларга инъекция, дори-уколларни камайтириб, шифобаҳш неъматларга бой дамламалар тавсия қилишади.

- Фитобарда 10 хилдан ошиқ шифобаҳш гиёҳлардан фойдаланамиз, - дейди Хуснида Каримова. - Мойчечак гули, наъматак меваси, ялпиз барги, кийик ўтидан тайёрланган чойларни истеъмол қилиш беморларнинг саломатлиги учун жуда асқотади. Боиси, булар антигипертензив-спазмалитик, диуретик воситалар таркибига киради ва шамоллашларга тез таъсир кўрсатади. Витаминлик ҳусусиятларига жуда бой. Энг муҳими, фиточойларимиз бепул ташкилланган. Шифокорлар тавсияси асосида дамланади. Мана врач томонидан "Ўткир фарингит" касаллигига чалинган бемор Феруза Халиловага далачой ўти (трава зверобоя) тавсия қилинибди, - деди у фито чойни дамлаб беморга узатар экан. Ҳар куни бир маҳалдан ичиб танига илиқлик, чеҳрасига қизиллик югурган, бу табиий омилнинг самарали таъсиридан оғриқ бироз чекинган бемор саломатлик посбонларидан миннатдор эканлигини билдирди.

Биз ҚВП фитобаридан мамнун чиқаётган беморларни учратар эканмиз, аҳоли саломатлиги йўлида ташкил қилинган бундай элга манзур фитобарлар сони ортаверсин, деймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.