Кўз олмасининг шох пардаси кўзнинг 6/1 сатҳини эгаллаб турувчи тиниқ, қон томирсиз, сезувчи нерв толаларига бой юзаки пардаси ҳисобланади. Шох парда қўл соати устидаги ойнакга ўхшайди. Ўртача 7,8 мм қавариқга эга бўлган бу парда кўзга ҳар тарафдан тушаётган ёруғликни кўзнинг марказига йўналтиради. Шох парда 6 қаватдан иборат:

1. Шох парда эпителияси.

2. Боумен қавати.

3. Шох парда стромаси.

4. Дюа (Дуа) қавати (энг шаффоф қават).

5. Десцемент қавати.

6. Шох парда эндотелияси.

- Қаватларни санаб ўтишни боиси 2-Боумен қаватидан жароҳат чуқурлашса, шох парда яраси юзага келади.

Касалликка асосан ҳар хил микроорганизмлар сабаб бўлади: бактериялар, вируслар, замбуруғлар ва бош­қа микроорганизмлар. Патологик процесс жуда фаол симптоматик кўринишда кечади ярани пайдо бўлганлигини албатта врач-офтальмолог аниқлайди. Яра битиб яхшилангандан кейин ҳам шох пардада ҳар хил чуқурликда доғлар қолади, жуда хунук косметик кўриниш ҳосил қилади ва кўриш ўткирлигини сезиларли даражада пасайтириб қўяди.

Шох парда ярасини келтириб чиқарувчи сабаблар инфекцион жароҳатланиш билан бошланади.

1. Шох парда эпителиясини маҳаллий иммунитетини пасайиши.

2. Эпителияни жароҳатланиши.

3. Шох парда эпителияси кўчган жойга микроорга­низмлари тушиши.

Шох парда ярасини келтириб чиқарувчи асосий патоген микроорганизмлар:

- Моракселла.

- Стрептококклар.

- Стафилококлар.

- Кўкйиринг таёқчалари (Синегнойная палочка).

- Туберкулёз микобактериялари.

- Оддий герпес вируси.

- Герпес - зостер.

- Хламидиялар.

- Амёбалар.

- Замбуруғлар.

Шох пардани чуқур деструкцияси қуйидаги ҳолатларда ҳам кузатилади:

- Шох пардани аутоиммун жароҳатланиши.

- Қуруқ кўз синдроми.

- Бирламчи ва иккиламчи характердаги шох парда дистрофияси.

Касалликнинг ривожланиши учун қуйидаги асосий факторлар сабаб бўлади, булар:

- Контакт линзаларнинг нотўғри ишлатилишида.

- Шох парданинг механик жароҳатлари.

- Кўз қовоқлари ва ёш қопчаси касалликлари,учламчи ва юз нервларини яллиғланишлари.

- Кўзнинг термик ва кимёвий куйишлари.

- Шох парда иммунитетини пасайтирувчи ва шох парда намланиб туришини камайтирадиган касалликлар: қандли диабет, Шагрен синдроми, ревматоид артрит,     А-авитаминози.

Шох парда яраси шаклланиши қўйидагича кечади:

- Бошланишида кичик шох парда дефектини пайдо бўлиши.

- Жароҳатланган жойга инфекцияни тушиши.

- Эрозияни ривожланиши.

- Йирингли инфильтратни ҳосил бўлиши.

- Ярани пайдо бўлиши.

Классификацияси

ярани чуқурлигига қараб:

- Юзаки ва чуқур.

- Шох пардани бутунлигини сақланганлиги ва тешилиши.

Ярани ўсиш характерига қараб:

- Ўткир ва сурункали.

Ярани жойланишига қараб:

- Периферик,( марказий) централ.

Ярани келиб чиқишига қараб:

- Инфекцион (бактериал, вирусли, замбуруғли, инфекцион-аллергик) ва ноинфекцион (қандли диабет, Шагрен синдроми, ревматоид артрит, А-авитаминози).

Касалликни объектив кўриниши ва беморлар ши­кояти:

- Кўзда кучли оғриқни пайдо бўлиши.

- Ёруғликга қарай олмаслик.

- Кўзнинг қизариши.

- Қовоқлар шишиб қолиши.

- Кўп миқдорда кўз ёшини оқиши.

- Кўзни оча олмаслик.

- Кўриш ўткирлигини пасайиши.

Шох парда ярасини асоратлари:

- Шох парда перфора­цияси.

- Шох парда десцемет қаватини бўртиб қолиши.

- Гипопион.

- Йирингли иридоциклит.

- Кўз олмаси қаватларини эриб кетиши.

- Эндофтальмит.

- Панувеит.

- Орбита флегмонаси.

- Шох парда чандиғи.

- Шох парда доғи.

Диагностикаси офтальмолог томонидан тирқишли лампа орқали анестетик (лидокаин,тетракин ёки дикаин) қуйгандан сўнг кўриб аниқланади. Ярани чуқурлиги ва қайси томонга ўсиб бораётганлигини аниқлаш учун флуоресцин рангидан фойдаланилади. Кўз олмасининг ички қисмларига яранинг таъсири қандай бўлганлигини офтальмоскопия, биомикроскопия, диафаноскопия, АҒВ сканер ёрдамида билиш мумкин бўлади.

Шох парда ярасини келтириб чиқарган микроорганизмни аниқлашга эса цитологик ва бактериолигик текширувдан кейин эришилади ва унинг учун шох парда ярасидан суртма олиш керак бўлади.

Даволаш врач-офтальмолог ва бемор учун жуда мураккаб жараён. Бунинг учун мустаҳкам асаб, сабр тоқат ва узоқ вақт талаб этадиган давр. Тиббиёт ходимлари орасида эса деонтология қоидаларига тўла риоя қилиш зарур бўлади. Статис­тик маълумотлар шуни кўрсатадики, шох парда ярасини даволашни мураккаблиги, беморларни врачга жуда кеч мурожаат қилиши асосий муаммо ҳисобланади. Даволашни қуйидагича олиб бориши лозим:

1. Шох парда ярасига спиртли брилиант кўки билан ишлов бериш;

2. Яра кўпаймаслиги ва соғ­лом тўқимага тарқалмаслиги учун лазеркоагуляция ёки термокоагуляция қилиш;

3. Ёш қопчаси патологияси бўлса, дакриоцисториностомия операциясини ўтказиш;

4. Кўзга антибиотикли томчи дориларни томизиш;

5. Қорачиқ торайиб қолишининг олдини олиб, атропин сульфат томчисини томизиш;

6. Вируслар натижасида яра бўлса, уларга қарши ацикловир ёки бошқа вирусга қарши дорилар;

7. Яра замбуруғлар таъсирида пайдо бўлган бўлса, флузамед ва бошқа замбуруғларга қарши препаратлар қўлланиши лозим;

8. Перфорация хавф сол­ганда ва медикаментоз даволаш фойда бермаганда контакт линза қўйиш ёки Кунт операциясини бажариш тавсия этилади.

 

Улуғбек СУЛЕЙМАНОВ,

Андижон Давлат

тиббиёт олийгоҳининг офтальмология бўйича 3-курс магистри.

Абдурашид

СУЛЕЙМАНОВ,

ВССБ штатсиз бош офтальмологи.