Табиатнинг ҳар неъмати беҳад бебаҳо,
Мевасию сабзавоти минг дардга даво.
Л И М О Н
Лимон цитрус ўсимлик. Унинг асли ватани Осиёдир. Айни пайтда бизда иссиқхоналарда ўстирилади. Чунки, меваси, япроғи инсон саломатлиги учун ғоят фойдали. Улуғ бобомиз Абу Али ибн Сино "...Япроғи меъда ва ички аъзоларни кучли қилади, гули ҳазмга, уруғи бовосилга, сиқиб олинган суви рангни тоза қилишга ва хафақонга, гўшти томоқ оғриғи ва иситмага, пўчоғи танаси оқарганга шифодир...
Ҳиди вабони туғдирувчи бузуқ ҳавони тузатади" деб ёзганлар.
Лимоннинг кимёвий таркиби илмий тарзда аниқланганига унча узоқ вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамай, қадимги Юнонистон, Ҳиндистон, Тибет, Ўрта Осиёнинг машҳур ҳакимлари азалдан уни касалликларни даволашдаги афзалликларини ёзиб қолдиришган. Польяк олими Функнинг таъкидлашича, лимоннинг озиқ маҳсулотлари карбонсув (углевод), ёғлар, оқсиллар, тузлардан ташқари яна қандайдир моддаларни сақлар экан. Олим бу моддани нисбатан тоза ҳолда ажратиб олишга эришади. Уни витамин, яъни лотинчасига вита деб атади. Бунга етарли асоси бор эди. Лимоннинг таркиби сув ва лимон кислотасидан иборат-да. Барчасидан кўпи С витаминидир.
Абу Али ибн Синонинг асарларида қайд этилганидек: гўшти дам қилувчидир. Япроғи дамни қайтаради. Очилган гули бундан латифроқ. Сиқиб олинган суви буруштирувчи, уруғи ва қобиғи эритувчи хусусиятга эга. Шунинг учун истеъмол қилаётганда буларга эътиборли бўлиш керак.
Сиқиб олинган сувидан сариқ касалини даволашда фойдаланиш мумкин. Сафро қисмини тўхтатади. Бироқ кўкракка зарар келтириши мумкинлигини унутмаган ҳолда иш тутиш лозим. Врачдан тегишли йўл-йўриқ олиш мақсадга мувофиқ.
Сувини темираткига суртиш яхши наф беради. Хафақонлар ичиб туриши керак.
Лимонни олдидан ёки кетидан бирор таом ейилмаслигини унутмаган маъқул.
Ана энди алоҳида касалликларни даволаш учун ундан қандай фойдаланишга мухтасар тўхталамиз:
Зотилжам юз берганда шамоллашни бартараф этиш учун 1 дона лимон, 4 та саримсоқ бошчаси ва 8 ош қошиқ асал олинади. Саримсоқ қирғичдан, лимон гўшти қиймалагичдан ўтказилади, асалга қўшиб аралаштирилади. Ҳар куни эрталаб бир чой қошиқдан наҳорга етти-ўн кун истемол қилинса, тезда натижаси кўринади.
Ангина, яъни бодомча безлари шикастланишини даволашда ҳам лимон жуда қўл келади. Бунда шарбати ичилади. Тайёрлаш жуда оддий. Лимон пўстидан ажратилади. Дока қопчага солинади, шиша ёки чинни идишга эзғилаб сиқилган шарбатни қуясиз. У одатда қуюқ бўлади. Маъданли сувни тенг, ё икки ҳисса қўшиб суюлтирилади. Кейин ангинани даволаш учун ичиб борилади.
Гайморитга чалинганлар бурун нафас йўлини 10 фоизли лимон шарбати билан ювишлари керак. Суюқлик бурун орқали оғиз бўшлиғига ўтишининг ташвишли жиҳати йўқ. Бу билан бурун бўшлиғи тозаланади, нафас олиш равонлашади.
Отит, яъни ўрта қулоқ яллиғланишида 1 литр лимон шарбати ва 1 дона лимоннинг ўзи керак бўлади. Лимон қиймаланади. Шарбатига аралаштирилади. Кунига 1-2 стакандан ичиш тавсия этилади.
Гриппнинг олдини олишда лимон ва лимон шарбатидан фойдаланиш яхши самара беради. Уни барча овқат ва ичимлигингиз таркибига киритсангиз бас. Чунки, С витамини иммунитетни кучайтиради, организмнинг инфекцияга қарши курашишига ёрдам кўрсатади.
Шу ўринда яна унинг микробларга ҳамда яллиғланишга қарши хусусиятлари тери касалликларини даволашда қўл келишини ҳам уқтиришимиз жоиз. Масалан, дерматитни даволашда 1 дона лимон, 25 грамм кашнич кўкати ва 2 стакан сув кифоя. Лимон шарбатини сиқиб олинади. Кашничнинг устига қайнаган сув қуйилади. Олдиндан тайёрлаб қўйилган шарбат аралаштирилади. Пахта тампонни эритмада хўллаб тери артилади. Бир ҳафта ҳар куни уйқу олдидан бу муолажа бажарилади. Шунингдек, ҳуснбузарларни йўқотишда ҳам, кетма-кет чиқадиган чипқонни даволашда ҳам кучли таъсирга эга.
Хуллас, табиатнинг бу неъмати сиз билан бизнинг саломатлигимизни асрашимизга ёрдам беради, гўзаллигимизга путур етишининг олдини олади.
(Лимоннинг бошқа касалликларга ҳам фойдаси ҳақида келгусида яна қимматли маълумотлар бериб борамиз).
Интернет материаллари ва
тиббий рисолалар асосида
М. Насибулло қизи тайёрлади.