Соғлом овқатланиш нима? Кунлик овқатланиш қуввати одамнинг ҳар куни сарфлайдиган энергиясига мос келиши тўғри овқатланишнинг муҳим жиҳатидир. Таркибида ёғ, турли ширинликлари кўп калорияли озиқ-овқат маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилиш семизликка сабаб бўлиб, қандли диабет, қон босими, атеросклероз, инсульт, инфаркт каби касалликларни келтириб чиқаради.
Бундай хасталикларга чалинмай десангиз маҳсулотлар хилма-хиллигига эътибор беринг. Кўпроқ мева ва сабзавотлар, нон ва ун, дуккакли экинлар маҳсулотларини тановул қилинг. Ёғ миқдорини озайтириб, ёғли гўшт ўрнини парранда гўштига алмаштириб туринг. Қанд, шакар, ширин ичимликлар меъёрида бўлиши, туз миқдори ошмаслиги, фақат йодланган туз истеъмол қилиш керак.
Таом билан бирга чой ичмаслик, унинг ўрнига табиий мева шарбатлари ёки қайнатилган сув жуда-жуда фойдали. Овқат иложи борича димлаб ёки қайнатиб пиширилиши шарт.
Яна бир муҳими, ҳар куни бадан тарбия билан шуғулланинг. Таом истеъмолидан сўнг тоза ҳавода сайр қилишга одатланинг.
Ушбу қоидаларга риоя қилинганда тана аъзолари ва тизимларининг меъёридаги фаолияти мустаҳкамланади. Эрта қариш ва турли хасталикларнинг олди олинади. Ташқи зарарли муҳит таъсиридан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган озуқа моддалари билан таъминланишнинг имкони яратилади.
Иброҳимжон Акрамов,
РС ва ТСИ вилоят филиали социологик тадқиқотлар мониторинги бўлими мудири.