Чунки бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда сўлак томчилари билан ҳавога кўплаб грипп вируслари ажралади. Вируслар ҳавода уч соат сақланиб туриши мумкин. Грипп вируси оғиз, бурун, томоқ ва юқори нафас йўллари шиллиқ пардасига таъсир қилади ва қон оқимига тушиб, бутун организмни заҳарлайди. Нафас йўли, асаб ва юрак-қон томир тизими ҳамда бошқа аъзоларни зарарлайди.
Хасталикнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар бир неча соатдан уч кунгача вақт ўтади. Касаллик шиддат билан бошланади. Беморнинг тинка-мадори қурийди, боши оғрийди, йўталади, акса уради. Тана ҳарорати 38-40 даражагача кўтарилади, кўп терлайди. Мушаклари ва кўз олмаси оғрийди, кўзидан ёш оқади. Ана ўшандаёқ шифокорга мурожаат қилиш шарт. Акс ҳолда касаллик оғир асоратларга олиб бориши мумкин.
Гриппдан сақланиш учун агар бемор уйда бўлса, унга алоҳида хона ажратиш лозим. Қараб турадиган одамларга касалликнинг олдини олиш йўлларини ўргатиш керак. Беморнинг идиш- товоғи, сочиғи, ўрин-кўрпаси ажратилган бўлиши, кам ҳаракат қилиб, асосан ётиши лозим. Қараётган кишилар бурун ва оғизларига дока ниқоб тутиб олишлари, қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туришлари керак. Бемор йўталганда, акса урганда оғиз-бурнини дастрўмол билан беркитиши талаб этилади.
Ҳарорати ошган пайтда кўпроқ суюқлик, қуруқ мевалар қайнатмаси, мева шарбатлари ичиб туриш лозим. Енгил хазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таомлар тановул қилиб турса, яхши бўлади.
Касаллик билан оғриган ва унга гумон қилинган беморларни алоҳида хоналарга ётқизиш, бу хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва зарарсизлантирувчи моддалар билан артиш зарур.
Грипп эпидемияси авж олган пайтларда мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, ўқувчилар ва ўқитувчилар дока ниқоб тутиб олишлари шарт. Бу пайтда болалар ўртасида оммавий спорт ўйинлари ўйнаш ва кино-театрларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб бориш мумкин эмас.
Қуйидаги маслаҳатларга амал қилсангиз, гриппдан тезда қутуласиз:
Малина меваси ва баргидан олиб, чой каби дамлаб, кунига 3-4 маҳал иссиқ ҳолда ичилса, терлатади ва иситмани туширади. Чой ичилгандан сўнг тўшакка яхши ўралиб ётиш керак.
Оддий бодрезак (чингиз) ва малина мевасидан 100 граммдан олинади. Шу йиғмадан 3 ош қошиғини кечқурун термосга солиб устига 3 стакан қайноқ сув қуйиб, 2 соат дамлаб қўйилади. Сўнг сузиб ичилади.
Қора зира дамламаси ҳам шамоллашга шифо бўлади.
Лолахон УЛУҒБОЕВА,
РС ва ТСИ ВФ бўлим мудири.
Ранета АБДУВАЛИЕВА,
бўлим ҳамшираси.