- Ҳабиба опа ғайрат-шижоатли аёл. Шифо топган беморлар борки, унинг хизматидан мамнунлик туйишади. Кўп йиллик иш тажрибасига  эга, ёшларнинг севимли устози. Мутахассис кадрларга ҳамширалик малакасини чуқур эгаллашлари учун доимо ёрдамини аямайди, - дейди шифохона бош врачи Акмалжон Умурзоқов.

Дарҳақиқат, шундай. Ҳабиба опа бунга осонликча эришгани йўқ. У асли тошкентлик. 1975 йили Ангрен тиббиёт билим юртидаги таҳсилни якунлаб, шаҳардаги "Тез тиббий ёрдам"да ҳамшира бўлиб иш бошлаган. 1981 йилдан турмуш ўртоғи Абдухалим ака билан Наманганга келишади. Ҳабиба опа дастлаб, "Гўзал" даҳасидаги вилоят шифохонасининг гинекология бўлимида фаолият юритади. Ширинсўз ва чаққон аёл янги жойда янги устозлар сафига қўшилади. Роза Абрамова, Равшаной Нўъмонова, Убайдулло Хожиматовлардан тиббиётнинг сир-асрорларини янада чуқурроқ ўрганади. Ҳамширалар Любов Вольф, Юлдуз Алиева сингари ҳамкасбларининг энг яхши ҳислатларини ўзлаштириб олиб, беморлар ўртасида катта обрў-эътибор топади.

У 1999 йилда саломатликни қайта тиклаш шифохонасига ишга ўтди. Ўшандан буён жамоанинг жонкуяр аъзоси. Маҳфуза Қодирова, Фотима Алиева каби ҳамкасбларига ҳамиша ҳамкору, кўмакдош. Шифохонага келган дардмандларнинг, танларидан сеҳрли бармоқлари билан оғриқларини чекинтиради. Жисмоний тарбия машқ­ларини юракдан ҳис қилдириб бажартиради. Умидсизликка тушганлар ҳам Ҳабиба опанинг муолажаларидан сўнг ҳаётга табассум билан қарайдилар.

- Оёқларим увишиб оғриб, хатто қадам босишга қийналардим, - дейди бемор Одилжон Акбаров. - Ҳабиба опанинг жисмоний тарбия машқларида қатнашяпман. Уқалаш оляпман. Атиги уч кунда оёқларимда қайтадан жон сезяпман, юряпман. Илоҳим, сеҳрли қўллари ҳеч қачон дард кўрмасин...

- 42 йил тиббиёт соҳасида ишлаб, асло кам бўлмадим. Қанчадан-қанча ҳастахолларнинг олқишларини олдим. Касбимни жуда-жуда севаман, беморларга хизмат қилишдан ҳеч қачон чарчамайман, - дейди фахрланиб.

Ҳабиба Раҳимова чин маънода касбининг фидоийси. Айни маҳалда файзли хонадоннинг сариштали бекаси. Турмуш ўртоғи Абдуҳалим ака билан уч нафар фарзандни камолга етказдилар. Ўғиллари Анваржон ҳуқуқшунос, қизлари Нигорахон уй бекаси, Муқаддасхон онасидай ҳамшира.

Бугун олтмиш баҳорини қарши олаётган Ҳабиба опани биз ҳам қўшалоқ айёмлари билан муборакбод этамиз! Яна узоқ йиллар халққа ҳалол ва фаол хизмат қилиш бахти уларни асло-асло тарк этмасин, деймиз!

Манзура ЭРГАШЕВА.