Вирус ташқи муҳитга анча чидамли,4-5 йилгача фаоллигини сақлайди. Тик тушган қуёш нурида 1-1,5 соатда, қайнатилган сувда 30-40 даражада нобуд бўлади. Бироқ вирус ташувчиси бемор қонида узоқ вақт сақланади ва унинг нажаси орқали ташқарига кўплаб чиқади. Вирус аксарият ифлос қўллардан ёки жароҳатланган теридан ўтиб, соғлом инсонга юқади. "Ифлос қўллар касаллиги" дейилиши ҳам шундан.
Касаллик аломатлари секин бошланиб дастлаб бемор тез чарчайди, дармони қурийди, жиғилдони қайнаб иштаҳаси йўқолади. Боши ва қўл-оёқ мускуллари зирқираб оғрийди. Тана ҳарорати кўтарилиб, кўнгли айниб, қайт қилади. Сийдиги қизариб, нажаси оқариб кетади,териси қичишади. Жигар ва талоқ катталашади.
Лекин баъзи инсонлар шифокор қабулига анча кечикиб келишади. Бу эса оғир асоратларга олиб бориши мумкин. Шунинг учун ҳар бир кишига тез-тез шифокор кўригидан ўтиб туришини тавсия этамиз. Энг муҳими, озодаликка эътибор бериш, овқатланиш, кийиниш маданиятига риоя этиш гепатитга чалинмасликнинг асосий омилларидир. Турли зарарли одатларга ружу қўйиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш, гиёҳвандлик, нотўғри овқатланиш касалликнинг манбаи эканлигини унутманг. Соғлом ҳаётдан завқ олиб яшаш ҳар бир инсоннинг кундалик шиорига айлансин.
Насиба ЭГАМБЕРДИЕВА,
Наманган шаҳридаги
11-оилавий поликлиниканинг ҳудудий терапевти.