Бола зич қилиб йўргакланса, қўл - оёқлари тўғри ростланган, қўллари танасига маҳкам ёпиштирилган ҳолатда туради. Бу эса болани сиқиб қўяди. Оқибатда гўдакни ташқи муҳитга мослашиши қийинлашади.

Маълумки, чақалоқларда таъм билиш ва сезиш ҳисси кўпроқ ривожланган бўлади. Шулар орқали гўдак дунёни англайди. Бордию биз унинг қўл-оёқларини зич йўргаклаб, тана ҳаракатига, ҳис қилиши орқали атроф-муҳит билан ўрнатаётган алоқасига тўсқинлик қилсак, гўдак ҳам руҳий, ҳам жисмоний ривожланишидан тўхтаб қолиши мумкин. Боланинг кафт ва бармоқлари қанчалик кўп ҳаракатланса, унинг мия­си шунчалик ривожлана боради.

Боланинг мияси жуда мўртлиги сабабли, у осонгина шикастланиши мумкин. Қаттиқ силташ асло мумкин эмас. Бу боланинг эшитиш қобилиятини сусайишига, нутқи бузилишига, тутқаноқ ҳамда церебрал фалажга тушишига олиб боради.

Шуни унутмаслик керакки, боланинг зич йўргакланган ҳолда узоқ бўлиши зарарли. Бу айниқса, эмизикли гўдакларда тўсатдан ўлим синдроми хавфини оширади.

Эркин йўргаклашда боланинг нафас олиш жараёни ҳамда қон айланиш тизими фаолияти бузилмайди. Чақалоқларнинг фаол ҳаракатлари уни ўз тана ҳароратини ушлаб туришига имкон яратади. Бу уларнинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан ривожланишида муҳим роль ўйнайди.

Боланинг соғлом ва баркамол ўсиши унинг ҳаракатида намоён бўлади, Ҳаракат эса - бу ҳаёт, демакдир. Шундай экан фарзандингизнинг эркин ҳаракатланиши учун доимо қулайлик яратинг!

Дилбар АЗИЗОВА,

ВБКТТМ врач неонатологи.