ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги энг муҳим ва барқарор тизимни ташкил этиш мақсадида 2013 йил 23 сентябрда "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Янги қонун 5 та боб, 28 та моддадан иборат бўлиб, унда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштирадиган давлат ва жамоат органларининг ваколатлари, тиббий текширувдан ўтказиш тартиблари, бемор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий ҳимоялар аниқ белгилаб қўйилган. Шунинг­дек, ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш ишларини ташкил этишда махфийликни таъминлаш, ушбу жараёнда аҳолига юксак технологиялар воситасида тиббий диагностика хизматини кўрсатиш ҳам алоҳида меъёрлар билан мустаҳкамланган.

Касалликнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, беморлар ва уларнинг яқинлари, айниқса, ОИВ вирусини юқтирган онадан соғлом фарзанд туғилишини таъминлашда эрта ташхис қўйишнинг аҳамияти катта. Шу жиҳати эътиборга олиниб, қонунда ихтиёрий текширув билан бир қаторда, мажбурий текширув йўналишлари ҳам белгиланган. Унга кўра, қон билан биологик суюқликлар донорлар, эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар, ҳомиладор аёллар, инфекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар, ОИВни юқтирган онадан туғилган болалар, ўз фаолиятида қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббиёт ходимлари, жинсий шеригида ОИВ вируси аниқланган шахслар ва бошқа айрим мутахассислар бу борада мажбурий тиббий текширувдан ўтиши лозимлиги кўрсатилган.

Қонунда ғайриихтиёрий (розилиги олинмасдан) равишда ОИВга тиббий текширув ўтказиш тартиб-қоидалари ҳам ифода этилган. Унга кўра, текширувдан ўтаётган шахсни ғайриихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёки суд ажримига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси мус­тақилликка эришгандан сўнг мамлакат миқёсида юқумли касалликларга қарши курашиш ва соғ­лом авлодни шакллантириш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилди. Шунга қарамай, ке­йинги йилларда аҳоли, айниқса меҳнат мигрантлари ўртасида ОИВ инфекциясининг нисбатан кўпроқ қайд этилаётгани барчани ташвишга солади. Бунга сабаб, оила ва болаларини қолдириб, Россия ёки Қозоғистон давлатларида мавсумий ёки бир неча йил меҳнат қилиб, у ерда турли шахслар билан жинсий алоқага йўл қўйиб, касаллик вирусини ўзи билмаган ҳолда илаштириб қайтгандан сўнг яқинларига юқтирганлар оиласининг барбод бўлишига сабаб бўлишмоқда. Шунинг учун барча мигрантларга маслаҳатимиз қаерга ишлашга бормасин, соғлом турмуш тақозоси билан яшаш, гиёҳвандлик ва зинодан сақланиши керак. Оиласига киришдан аввал, албатта, ОИВга текширувдан ўтиши шарт.

Касалликнинг камайишига нафақат тиббиёт ходимлари, барча аҳоли қатлами ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Яъни соғлом турмуш тарзи билан яшаш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва бошқа зарарли иллатлардан сақланиш зарур.

Хавфли касаллик муаммосига даҳлдор барча саволлар билан Наманган шаҳар 4-кичик ноҳия       Ғалаба кўчасида жойлашган вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига ёки 232-14-35 рақамли "Ишонч телефони"га мурожаат қилишингиз мумкин. Барча тиббий хизматлар бепул.

Маматхон АБДУРАҲМОНОВ,

Муаттар ВАЛИЖОНОВА,

вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари.