Касалликни қўзғатувчи микроблар соғлом одамга зарарланган озиқ-овқатлар ва сувни истеъмол қилиш оқибатида ўтади. Шунингдек, маиший мулоқот чоғида, яъни беморнинг идиш-товоқ, кўрпа-ёстиқ, кийим-кечаги ва ўйинчоқларидан умумий фойдаланиш асносида ҳам юқиши мумкин. Касалликнинг тарқалишида ҳашаротлар, айниқса суварак ва пашшаларнинг "хизмати" катта. Улар асосан хожатхона, ахлатхона, гўнгхона, молхона, кир ўраларда тухум қўйиб етилади ва кўпаяди. Биргина пашша ичаги, қорни, оёғи ва қанотларида миллионлаб микроб ва гижжа тухумларини олиб юради. Очиқ қолган озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб, зарарлайди. Агар пашша ва суваракларнинг кўпайишига йўл қўймасак, ўзимизни касаллик тарқатувчилардан халос қилишга эришган бўламиз.
Мабодо юқтириб олсак, қуйидаги белгилардан пайқашимиз мумкин:
дармон қуриши, лохаслик, тана ҳароратининг кўтарилиши,бош оғриши, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг кетиши.
Бу касалликлар нимаси билан хавфли? Сурункасига ич кетиш ва қусиш оқибатида кўп миқдорда суюқлик билан бирга озиқ моддалар йўқотилади. Тана қурий бошлайди, бемор озади. Нохуш оқибатларидан яна бири, бу ичак деворларида тешилиш хавфининг мавжудлигидир. Жумладан, қорин тифи, паратиф ва ичбуруғ касаллигини келтириб чиқарувчи микроблар ичак деворларини яллиғлантирибгина қолмай, балки яра ҳосил қилиб, унинг емирилишигача олиб келади. Инсон ҳаёти хавф остида қолади.
Беморга врач келгунга қадар уй шароитида йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш учун ич кетиш бошланиши билан регидрон ичириш анча самарали. Унинг бир пачкаси қайнатиб совутилган бир литр сувга солинади, яхшилаб эритилади. Ҳар 3-5 дақиқада оз-оздан ичирилади. Агар регидрон бўлмаса, оддий қайнатилган сув, гуруч қайнатмаси, кўк чой бериб туриш керак.
Улуғбек БОТИРОВ,
РСваТСИ ВФ директори.