Касал ҳайвонларда куйдирги таёқчаси ҳайвоннинг ҳамма органларига тарқалади ва организмдан сийдиги, ахлати билан ажралиб тупроқ, ем-хашак, тагига солинадиган нарсалар, яйлов, сув хавзаларини ифлос қилади. Куйдирги қўзғотувчилари ҳайвоннинг жуни, териси, мўйнасида бўлиб, одамга ҳам касал ҳайвонларнинг ажралмалари, ўлган ҳайвонларнинг ички органлари, куйдирги споралари тушган тупроқ, сув, озиқ-овқат маҳсулотларига, атрофдаги нарсаларга ҳаво чангидан ўтади. Касаллик ветеринария ходимлари рухсатисиз сўйилган ҳайвонлар терисини шилганда, гўштини нимталаганда, истеъмол қилинганда юқиши мумкин.

Касалликнинг ҳайвонлардан одамларга юқишининг олдини олиш учун беморлар парвариш қилинганда, куйдиргига шубҳа қилинган ҳайвонларга қараганда ёки шу ҳайвонлар хом ашёсини қайта ишлаганда махсус коржома, ёпинчиқ, комбинзон, резина этик ва қўлқоп кийиш, ишлаб бўлгандан сўнг уни дизинфекция қилиш зарур.

Куйдирги билан оғриган ҳайвоннинг сутини ичиш, гўштини ейиш асло мумкин эмас. Бундай ҳайвонни кўмиб ташлаш зарур. Ҳайвонлар боқадиган одамлар, қассоблар,уларнинг хом ашёсини қайта ишлайдиган шахслар режали равишда ёки эпидемиологик кўрсатма бўйича куйдиргига қарши махсус эмланади.

Куйдирги бор яйловлар, ўтлоқлар, омборлар, ҳовлилар, сув ҳавзалари, ўлган ҳайвонлар кўмилган жойларни аниқлаб ҳисобга олиш ва касаллик ўчоқларини йўқотиш зарур. Ушбу касаллик хавфи бўлган яйловларда мол боқиш ва зарарланган сув ҳавзаларида суғориш асло мумкин эмас. Куйдирги билан касалланган ёки шу касалликка шубҳа қилинган ҳайвонларни бошқа ҳайвонлардан ажратиб қўйиш ва текшириш керак. Молларни ветеринария ходими рухсатисиз сўйиш таъқиқ­ланади.

Ўлган ҳайвонни ёриш, терисини шилиш, гўштини нимталаш ва куйдирги қўзғотувчисининг атроф-муҳитга тушишига имкон берадиган ишларни бажариш ҳам қатъиян маън қилинади. Куйдиргидан ўлган ҳайвонлар албатта ёқиб юборилади.Касал ҳайвонларнинг ажратмалари, ифлос бўлган хом ашё ва бош­қа нарсалар, тўшама, ем-хашак, гўнгини ҳам, албатта ёқиб ташлаш зарур. Куйдиргидан ўлган ҳайвон ётган жойни куйдириш, кейин у ерга 20 фоизли хлорли оҳак сепиш шарт. Шу ер яна ковланиб хлорли оҳак эритмаси ҳамда қуруқ оҳак сепилади.

Агар уйда боқиладиган ҳайвон ўлиб қолса ёки сўйсангиз зудлик билан ветеринария ходимини чақиринг. Юқоридаги қоидаларга риоя қилсангиз инсон соғлиги учун ўта хавфли бўлган куйдирги касаллигини олдини олган бўласиз.

Отабек РАҲИМОВ,

РСва ТСИВФ бўлим мудири.