Тиббий нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, қариндошлар орасидаги никоҳ кўп ҳолларда фарзанд дунёга келиши билан боғлиқ ҳолатларда кўнгилга ғашлик солади. Қариндошлар орасидаги никоҳ туфайли ирсий (наслий) касалликлар, уларнинг мудҳиш оқибатлари тўғрисида илмий асосланган маълумотлар аҳоли ўртасида кенг тарқатилаётган бўлса ҳам, бундай ҳодисалар учраб турибди. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида яқин қариндошлар никоҳининг тақиқланиши кўрсатиб берилган.
Ҳар бир қурилаётган оила бахтли бўлиши, соғлом фарзанд туғилиши учун аввало никоҳланувчилар соғлом бўлмоқлари лозим. Бунинг учун янги оила қуришга шайланаётган ёшлар аввал тиббий кўрикдан ўтиб, сўнгра оила остонасига қадам қўйишлари мақсадга мувофиқдир. Айрим йигит-қизлар ўз касалликларини яширса, баъзилари эса ўзларида кечаётган хасталик аломатларини сезмасликлари ҳам мумкин. Бундай ҳолат янги қурилган оиланинг бузилиши ёки носоғлом бола туғилиши эҳтимолини келтириб чиқаради. Шунинг учун оила қураётган икки ёш тиббий кўрик талабларига риоя қилса, бунинг меваси келажакда сезилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори асосида оила қураётган барча ёшлар тор доирадаги мутахассислар ҳамда ижтимоий хавфи юқори бўлган касалликлар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Амалда ўрнатилган тартибга мувофиқ, икки ёшга ўз доимий тураржойларидаги ФҲДЁ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Улар учун кўрикнинг ҳар бир тури бепул бўлиб, агар касалликнинг бирор тури аниқланса, даволаш чора-тадбирлари бўйича маслаҳат ва тавсия берилади. Мабодо хавфли касаллик тури аниқланса, бўлғуси келин-куёвларга ётиғи билан тушунтирилади. Қандай даволаниш юзасидан тегишли муассасаларга юбориш тартиби мавжуд.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, қариндош-уруғлар ўртасида никоҳнинг расмийлаштирилишига йўл қўймаслик, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг барча чора-тадбирларини амалга ошириш соғлом авлодни яратишнинг муҳим шарти эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак.
Барчиной АҲМЕДОВА,
РС ва ТСИ вилоят филиали бўлим мудири.