Ёнғоқ дарахтининг ёш барглари аскорбин кислотаси, эфир мойлари ва фитонцидларга ниҳоятда бой. Мева туккач, ҳақиқий фитоаптекага айланади. Янги яшил мевалари - витаминларнинг ҳақиқий хазинасидир. Етилган мевалари эса оқсиллар, углеводлар, тўйинмаган ёғ кислоталари ва микроэлементларни ўзида кўп миқдорда сақлайди. Шунинг учун ҳам фитотерапевт маслаҳатига кўра, ёнғоқдан баъзи бир касалликларни даволашда кенг фойдаланиш мумкин.

Ёнғоқнинг барглари табобатда ишлатиш мақсадида май ойида йиғилади, унинг яшил мевалари эса ёз фаслининг охирги ойларида ва кузда териб олинади. Мағзини фақатгина тиббий эҳтиёж учун эмас, кундалик озиқ-овқат рационига ҳам киритиш мақсадга мувофиқ. Юқори калорияга эга бўлгани боис фақат уни истеъмол қилишни бирозгина чеклаш зарур. Кунига 5-6 дона ёнғоқ еб турсангиз, кун бўйи кайфиятингиз чоғ ва хотирангиз тиниқ бўлиб юрасиз. Мағзи ўзида кўп миқдорда йод сақлагани учун қалқонсимон без гиперфункцияси хасталигида кўп истеъмол қилиш мумкин эмас.

Ёнғоқ ангина, грипп, бронхит ва пневмония хасталикларини даволашда жуда қўл келади. Бунинг учун қу­йидагиларга амал қилиш шарт:

Қуритилган ёнғоқ барглари, момақаймоқ, доривор алтей, зубтурмнинг қуритилган ва майдаланган барглари олинади. Ҳар бир компо­нент­дан бир ош қошиғида қўшилиб, устига 0,5 литр қайнатилган сув қуйилади ва 30 дақиқа дамлаб қўйилади. Сўнг 30-50 мл.дан кунига 3-4 махал истеъмол қилинади. Томоқни чайқаш учун ҳам қўлланилиши мумкин.

Ҳуснбузар тошганда ҳам худди юқоридагидек таркибдан малҳам тайёрланади.

Интернет маълумотлари асосида Норин туман тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи Дилфуза КАРИМОВА тайёрлади.