Барча глаукома турларида кўз ички суюқлигининг ҳаракатланиши, кўзнинг дренаж системаси тўсилиб қолиши сабабли, унинг кўздан чиқиши чегараланиб қолади. Бу ҳолат кўпинча секин-асталик билан кечиб, жуда кўп вақт ўтиши мумкин. Лекин қисқа вақт оралиғида, рангли пардани юпқа бўлган периферик қисми трабекуляр зонани тўсиб қолади ва ўткир хуруж кўриниши келиб чиқади.

Бу жараён 5 босқичда давом этади, яъни:

1. Бошланғич босқич;

2. Рангли парда перифериясининг ком­прессия босқичи;

3. Реактив босқич;

4. Странгуляцион ёки яллиғланиш бос­қичи;

5. КИБни пасайиш босқичи.

Санаб ўтилган босқичларнинг кечиши беморнинг ёши, касалланишнинг бошланишига ва беморнинг умумий ҳолатига боғлиқ.

Глаукоманинг ўткир хуружини авваламбор ўткир иридоциклит билан солиштириш лозим бўлади. Чунки касалликларни бошланишида ва кўринишида кўп ўхшашликлар бор. Учламчи нервнинг биринчи шохи невральгиясида эса кўп вақт оғриқ бўлганлиги сабабли кўз олмасида глаукоманинг ўткир хуружига ўхшаш қизаришлар пайдо бўлади.

Симптоматикаси ва клиник кўринишига келсак, беморлар аввало кўзида ва бошда бирданига пайдо бўлган оғриқдан, кейинчалик қорин соҳасидаги оғриқдан, кўнгил айниши, қусиши ва қусгандан кейин ҳам енгил тортмаганлигидан, беҳаловат бўлишдан шикоят қила бошлашади.

Глаукома хуружида оғриқни пайдо бўлиши.

Вақт ўтиши билан беморнинг кўз олмаси қизариб кетади, кўз олдини туманлашганлиги, рангли доираларни кўриниши ва кўриш ўткирлигини сезиларли пасайганлигини сезишади.

Офтальмоскопия объективида кўрилганда, кўзнинг қисман қисилиши (блефароспазм), склерада димланган қизариш (инъекция) шох парданинг хираланиши, шиш пайдо бўлиши,олдинги камеранинг саёзланиши, қорачиқнинг кенгайиши ва ёруғликга сезгирлиги пасайиши аниқланади. Тирқишли (ҳелевая лампа) орқали кўрилганда баъзида олдинги камера суюқлиги хиралаша бошлайди. Чунки оқсил моддаларининг кўпайиши кузатилиши сабабли бу ҳодиса юз беради. Рангли парда тўқимаси шишиб гиперемия ҳолати юзага келади. Гавҳарда эса субкапсуляр кўринишида оқ доғлар пайдо бўлади.

Шох парда шиши кўз тубини кўришга халақит беради. Лекин кўз босими пасайганда кўрув нервининг диски шишган,четлари қисман ноаниқ ва вена қон томирлари сезиларли кенгайганлиги кўринади.

Глаукоманинг ўткир хуружи даврида кўз ички босими 70-80 мм сим устунидан ошиб кетади (нормада 16 - 25 мм сим устунига тенг). Бу вақтга келиб, олдинги камера бурчаги тўла рангли пардани периферик қисми билан тўсилиб, кўз ички босими янада ошади. Оқибатда рангли пардада қон айланиши бузилиб, тўқимасида ўчоқли некроз белгилари вужудга келади. Кейинчалик атрофик зоналар ҳосил бўлиб, қорачиқнинг деформацияси кузатилади.

Глаукома хуружидан кейин пайдо бўлган рангли парда тўқимаси атрофиясига тўхталсак, бу жараён давом этиб, асептик яллиғланиш,орқа синехиялар ва рангли пардани эпителияси пигментларини атроф тўқималарга сочилишини келтириб чиқаради. Энг ёмон асорати кўрув нервининг глаукоматоз атрофияси юз беради. Глаукоманинг ўткир хуружини даволашга замонавий ёндошиш зарурати туғилганлигига кўп вақт бўлмади. Авваллари биринчи навбатда кўз томчиларидан миотиклар томизиш (пилокарпин) тавсия қилинарди.

Ҳозирги вақтда эса дастлабки соатларда сурункали глаукомада ишлатадиган дориларни эмас, балки кўз ички суюқлигини камайтириш учун таблеткалар (диакарб) ва вена ичига (маннитол, глицерин) дориларни юбориш, оғриқсизлантириш, кўз тўқимасидаги димланиш ва шишларни камайтириш мақсадида кўз атрофига, яъни парабульбар соҳага гормон (дексаметазон-лидокаин) препаратларини юбориш ва кейинчалик кўз ички босими пасайгандагина маҳаллий миотиклар пилокарпин томизиш тавсия этилади.

Ўткир хуруж пайтида томчи дорилар дуффузияси қийинлиги сабабли, кўз тўқимаси уларни сўра ололмайди. Юқоридаги глаукоманинг симптоматикаси давом этиб, кўз ички босими пасаймаган тақдирда, иложи борича 24 соат ичида, чунки кўрув нерви жароҳатланиб қолишини олдини олиш мақсадида лазер нури ёрдамида ёки антиглаукоматоз операция, беморни умумий аҳволини яхшилаб, юрак қон-томир системасидаги гидродинамик кўрсатишларини, нафас олишни стабиллаштирилгандан сўнг тавсия этилади.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, касалланган кўзни оператив даволаб бўлгандан ке­йин, кўпинча соғлом иккинчи кўзда ҳам кўз ички босимининг ошиши ва юқоридаги симптоматика белгилари ҳам учраши мумкин. Бироқ иккинчи кўзда глаукоманинг ўткир хуружи белгилари анчагина юзаки ва асорати кам бўлади. Шунинг учун ҳар бир беморга алоҳида ёндошиб глаукоманинг ўткир хуружини тезроқ бартараф этиб ва унинг келтириб чиқарадиган асоратларини олдини олиш зарур бўлади.

Улуғбек СУЛЕЙМАНОВ,

Андижон Давлат тиббиёт олийгоҳининг офтальмология бўйича

2-курс магистри,

Абдурашид СУЛЕЙМАНОВ,

Наманган вилоят кўп тармоқли

тиббиёт маркази кўз касалликлари бўлими мудири,

ВССБ бош офтальмологи.