Мамлакатимизда ҳам жаҳонда глобал муаммога айланган бу балога қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Бинобарин, 2008 йил 17 апрелда "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонун, 2008 йил 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқарманинг қатор буйруқлари ишлаб чиқилган.

Айни пайтда одам савдосига қарши курашиш бўйича Идоралараро комиссия билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Норасмий ёки узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган, одам савдосидан жабрланган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви изчил йўлга қўйилган. Бундай тоифага кирувчи ҳамюртларимизнинг тиббий кўрикдан ўтказиш қатъий назоратга олинган. Аҳоли ўртасида одам савдосининг инсонлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солиши, тиббий, руҳий, ижтимоий асоратлари ҳамда унинг олдини олишга оид мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Фаолият марказида узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган ва одам савдоси қурбонига айланган кишилар саломатлиги назорати турибди. Бундай шахслар бирма-бир тиббий кўрикдан ўтказиб бориляпти. Кўрик давомида улар умумий амалиёт шифокори қабулида бўладилар, умумий қон ва пешоб таҳлили, рентген, ОИВ/ОИТС, таносил бўйича ҳамда бал­ғам текширувларидан ўтадилар. Заруратга қараб бошқа текширувлар ҳам ташкил этилиши мумкин.

Афсуски, айрим юртдошларимиз хорижда юрганларида баъзи касалликларни юқтириб оляптилар. Таносил, сил, ОИВ каби хасталикларга дучор бўлганлар бор. Бундай шахслар зудлик билан шифокорлар назоратига олиниши лозим.

Бирламчи тиббиёт муассасаларида чет элларда ишлаб келганлар одам савдоси жиноятидан азият чекканларга алоҳида эътибор кўрсатилаётган бўлсада, айрим кишиларнинг тиббий кўрикка беписанд муносабатда бўлаётганликлари таажжубли. Ахир турли юқумли касалликлардан аввало ўзини, қолаверса оиласини, яқин атрофида яшовчиларни муҳофазалаш ғоят муҳим вазифа эканлигини наҳотки англашмаяпти экан?

Таносил, ОИВ/ОИТС касалликларига чалинган шахслар даволанишдан бўйин товласалар, касалликни тарқалиш ман­баи­ни яширгани, била туриб бошқа шахс­ларни ушбу касалликларни юқтириш хавфи остида қолдиргани учун қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар ўрнини қоплаш хақида тегишли қоидалар қайд этилган. Фуқаролик процессуал Кодексида тиббиёт муассасаларига сил ва асаб-руҳий касалликларга чалинган фуқароларни мажбурий тартибда тиббий муассасага жойлаштириш учун Фуқаролик ишлари бўйича тегишли судларга мурожаат қилиш хуқуқи берилган.

Зеро, эл соғлиги-юрт бойлиги. Шундай экан, узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаролар тиббий кўригини ташкил этишда жойлардаги тегишли тиббиёт муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари, кенг жамоатчилик фаол ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ. Ушалмас орзуларга берилган фуқароларнинг лоқайд ва сусткашлиги оқибатида инсонлар саломатлигига раҳна солинмаслиги керак.

Аброрбек КАРИМОВ,

ССВнинг Наманган вилояти бўйича Назорат инспекцияси етакчи назоратчи-хуқуқшуноси,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги ЮМОМ тингловчиси.

Дилшод ҲОШИМОВ,

ВССБ бош мутахассиси.