Эмлаш – энг хавфли инфекцияларга қарши энг ишончли ҳимоя воситаси ҳисобланиб, у организмга касалликка қарши курашишни олдиндан ўргатади. Касаллик келганда, тана тайёр бўлади. Эмланган организм юқумли касалликни нафақат ўзи енгади, балки бошқаларга тарқалишига ҳам чек қўяди. Қизамиқ, қизилча, тепки, полимелит, қоқшол, дифтерия, кўкйўтал, бўғма, сил, гепатит Б каби оғир касалликларни фақатгина эмлаш орқали назоратда ушлаб туриш мумкин.
Бола туғилганидан бошлаб 3 кунгача ва 2, 3, 4, 9, 12, 16 ойликда, шунингдек 6, 7, 9 ва 16 ёшда тегишли муддатларда ва тегишли вакциналар, яъни гепатит Б, туберкулёз, дифтерия, қоқшол, кўкйўтал, полиомиелит, ўткир респиратор инфекциялар, пневмония ва папилломавирусга қарши эмланади.
Давлат дастурининг энг асосий мақсади – аҳолининг саломатлиги бўлиб, болаларнинг хавфсизлиги энг муҳим масала ҳисобланади. Шу сабабли эмлаш дастурида ишлатилаётган барча вакциналар энг юқори сифат стандартларига жавоб беради. Ҳар бир вакцина махсус синовлардан ўтказилган, сертификатланган ва халқаро тиббий меъёрларга тўла мос келади. Уларнинг сақланиши ҳам қатъий назорат остида бўлиб, ҳар бир доза максимал ишончлилик билан тақдим этилади. Эмлашнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги биз учун энг катта устуворликдир.
Бепул эмлаш дастури орқали аҳоли учун тақдим этилаётган вакциналар аслида юқори нархларда сотувда мавжуд бўлган маҳсулотлардир. Масалан, гексаксим (кўкйўтал, дифтерия, қоқшол, гепатит Б, полиомиелит ҳиб) – 800 000 сўм; тетраксим (кўкйўтал, дифтерия, қоқшол, полиомиелит) – 550 000 сўм; альгаваc М (гепатит А) – 400 000 сўм; превенар 13 (пневмококк инфекцияси) – 800 000 сўм. Бироқ давлатимизнинг бепул эмлаш дастури орқали аҳолига ҳеч қандай қўшимча харажатларсиз юқори сифатли ва синовдан ўтган вакциналар тақдим этилмоқда. Бу эса давлатнинг аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом жамиятни қуриш йўлидаги муҳим қадамларидан бири, албатта.
Бола чақалоқлик чоғиданоқ гепатит Б вирусига қарши эмланади. Бу эмлаш, балки сизга оддий туюлар? Аммо гепатит Б жуда хавфли ва ҳозирча давоси йўқ бўлган жиддий касаллик. Гепатит Б вируси асосан қон орқали юқади. Катталарда бу кўпроқ игна, тиш даволаш ёки жарроҳлик асбоблари, ҳатто сартарошхоналардаги гигиена етишмовчилиги орқали тарқалиши мумкин. Аммо бу хавфлар болалар учун ҳам мавжуд: болалар ўйнаб, бир-бирининг жароҳатига тегиши мумкин. Йиқилиб қонаш, тирналиш пайтида бошқа бола ёки каттадан инфекция юқиши мумкин. Тиш чиққанда ёки оғиздаги яра орқали юқумли қон тегса, хавф туғилади. Сартарошхонада гигиенага риоя қилинмаса, бир болага ишлатилган устара, қайчи, машинка тўғри дезинфекция қилинмаса, бу орқали вирус юқиши мумкин.
Яна айрим касалликлар борки, улар узоқ вақтгача яширин кечади ва ота-оналар бу ҳолатни дарров сезолмайди. Ана шундай касалликлардан бири – сил (туберкулёз).
Сил асосан ўпка, лимфа безлари, суяклар ва ҳатто мия пардаларини зарарлайдиган, ҳаво орқали юқадиган инфекцион касалликдир. Уни кўп ҳолларда ота-она илк босқичда сезмайди, чунки бола узоқ вақтгача ҳеч қандай аломат кўрсатмаслиги мумкин.
Дифтерия – бу юқори нафас йўлларини, айниқса, томоқни зарарлайдиган жиддий бактериал касаллик. Йиллар давомида эмлаш орқали бу касалликнинг тарқалишини самарали тарзда олдини олиш мумкин бўлди, аммо бундай хавф ҳали ҳам мавжуд.
Хавф шундаки, дифтерия касаллиги бошқа юқумли касалликлар каби жуда тез тарқалиши мумкин. Бактериялар нафақат ҳаводан, балки касалланган одамларнинг кичик шиллиқ пардаларидан ёки терисидан ҳам тарқалиши мумкин. Шунингдек, касалликни енгил симптомлар билан кечирганлар, ўзларини соғлом ҳис қилган бўлса ҳам, атрофдаги инсонларга дифтерияни юқтириши эҳтимолдан холи эмас.
Қизамиқ, қизилча, пневмококк инфекцияси, тепки (паротит) ва кўкйўтал ҳам оддий касалликлар эмас, болаларнинг соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли инфекциялар. Бу касалликлар ҳаво орқали осон юқади, касал одам билан гаплашиш шарт эмас, шунчаки бир ҳудудда бўлишнинг ўзи етарли. Эмланмаган бола эса бу хавфга тўлиқ очиқ бўлади.
Қизамиқ юқори иситма, тошмалар билан кечиб, асорат тариқасида ўпка ва мия яллиғланишига олиб келиши мумкин. Қизилча эса ҳомиладор аёллар учун айниқса, хавфли бўлиб, туғилажак болада оғир нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлади. Тепки (паротит) оғиз безларининг шишиши, иситма ва оғриқ билан кечади, оғир ҳолларда бепуштликка олиб келиш эҳтимоли мавжуд.
Ўз вақтида эмланмаган болалар тез-тез касал бўлиши, касаллик асоратидан доимий ногирон бўлиб қолиши ёки ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Баъзи инфекциялар асоратлари бутун умрга ногиронликни ҳам олиб келади. Эмлов эса бунга йўл қўймайди, у соғлиқни сақлаш тизимидаги энг арзон, лекин энг самарали профилактик чорадир.
Исмоил МЕҲМОНОВ,
Cанэпидқўмита вилоят бошқармаси иммунопрофилактика бўлими
врач-эпидемиологи.