Ўткир диарея (ичбуруғ) – бу, тана ҳароратининг кўтарилиши, бош ва қорин оғриши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич сурилиши, иштаҳасизлик ва ҳолсизлик билан кечадиган касаллик ҳисобланади.
Ҳаво ҳарорати кўтарилиши касаллик қўзғатувчилари фаоллашуви учун оптимал шароит ҳисобланади. Қўлни совунлаб ювиб турмаслик, таом тайёрлаганда санитария-гигиена талабларига риоя қилмаслик, меваларни ювмасдан ва туриб қолган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш, қуёш тиғида сақланган полиз маҳсулотларини, ичимлик сувини қайнатмасдан тановул қилиш каби ҳолатлар касаллик ривожланишига сабаб бўлади.
Шифокор диареянинг даражасига қараб муолажа белгилайди. Мутахассис рухсати билан енгил кўринишдаги диареяни уй шароитида даволаш ҳам мумкин. Бунинг учун, аввало, қатъий тартибдаги парҳез тутилиши шарт. Сутли маҳсулотлар, қовурилган ёғли ва аччиқ гўшт, дуккакли маҳсулотлар, ёнғоқ ва писта, ловия ва нўхат, хом сабзавотлар, жўхори, саримсоқ ва пиёз, чипс, конфет ва ширинлик қўшилган сақичлар, карам ва брокколи, қуритилган мевалар, газланган ичимликлардан тийилиш даркор.
Фақатгина қайнатилган, буғда пиширилган, ёғсиз ва енгил ҳазм бўладиган таомлар истеъмол қилиниши керак. Жумладан, ёғсиз бульон, қўшимчасиз макарон, қайнатиб, пўсти арчилган картошка, консерваланган нок, сули ёрмаси, қайнатилган тухум, ёғсиз ва шакарсиз йогурт ёки кефир, товуқ ёки мол гўшти филеси, крекер, аччиқ бўлмаган кофеинсиз чой.
Алоҳида таъкидлашни истар эдик, диарея белгилари намоён бўлганда "ўтиб кетадиган нарса" дея беписанд қарамаслик зарур. Бирдан-бир тўғри йўл – врачга учраш. У беморнинг ёши, организмининг ҳолати, диарея даражаси ва бошқа жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда муолажа белгилайди, дори-дармонлар тавсия қилади.
Мадиёр ТУРДИЕВ,
вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачининг даволаш ишлари бўйича
ўринбосари.