Неделя продвижения здорового образа жизни среди детей –  с 28 августа по 3 сентября

Оила – соғлом турмуш тарзининг бирламчи манбаи. Унда руҳий-жисмоний камолотга хизмат қилувчи эзгу одатлар, тўғри овқатланиш, ҳаракатчанлик, аҳиллик ва меҳр-оқибат кўринишидаги ўзаро психологик ёрдам анъанаси катталар саломатлиги, ёшлар баркамол улғайишида бош омилдир. Айниқса, хонадонда зарарли одатларга жамоавий равишда қарши кураш руҳи мустаҳкамлигида гап кўп. Яъни, соатлаб вақтни интернет билан ўтказиш, жисмоний тарбия, шахсий гигиена, хонадон тозалигига беписандлик, чекиш, ичкилик каби иллатлар олдини олишга қаратилган изчил ва қатъий назорат юқори ҳаёт сифатининг пойдеворидир. Шу тариқа оила аъзолари бир-бирларини соғлом турмуш тарзига одатлантирадилар. Бундай муҳит минглаб оилаларда ҳукмрон.

Аммо соғлом турмуш тарзи тамойилларини тушунмайдиган, ҳатто, менсимайдиган ота-оналар ҳам бор. Улар фарзандларини жисмоний фаоллик, спорт, қизиқарли ва фойдали машғулотлар, таълим ва ҳунарга йўналтиришга парво қилмайдилар-у, бироқ кун бўйи телефон ўйнашига, палапартиш таомланишига, бевақт ва бемақсад кўча санқишига, ювинмай юришига тоқат қилишлари ачинарли. Жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида соғ­лом турмуш тарзи қирралари ҳақида видеоматериаллар, кўргазмали воситалар, ҳаётий мисоллар асосида қизиқарли суҳбатлар уюштирилишига қарамай, "Энди, айтиб қўйиш дўхтирларнинг иши-да!" қабилидаги луқмаларни эшитиб қоламиз. Бу эса, аҳолида тиббий онг, тиббий маданиятни шакллантиришда жамоатчилик таъсирини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Бунинг учун қуйидаги таклифларни ҳавола қилмоқчиман. МФЙлар қошида ташкил этилган Саломатлик мактаблари масъуллари соғлом турмуш тарзи тамойиллари мужассам этилган саволлар тайёрлаб, кўчабошилар орқали ота-оналарга тарқатиш ва белгиланган кунда мазкур саволлар юзасидан улар билан суҳбатлар уюштириш керак. Кейинги босқичда ҳар бир кўчанинг терма жамоалари ўртасида ўша саволлар юзасидан танлов ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Кўчалар кесимида эркаклар ва хотин-қизлар учун алоҳида-алоҳида вақтларда жисмоний фаоллик машғулотлари ташкиллаш зарур. Бу борада жисмоний тарбия муаллимлари, соҳа бўйича шуғулланиб юрган йигит-қизлар ватанпарварлик фазилатларини намоён этишса, айни муддао бўлар эди. Рамзий беллашувлар жараёнида тиббиёт вакиллари, бой турмуш тажрибасига эга бўлган нуронийлар саломатлик сабоқларидан баҳраманд этадилар.

Соғлом турмуш тарзи ҳақида гапирганда негадир китоб ўқишни тилга олмаймиз. Ахир, китоб соғлом турмуш ғоясини тушунишга, амалга қилишга руҳан тайёрлайдиган бебаҳо муаллимку! Бу омил стрессларни йўқотади, тафаккурни кенгайтиради, соғ­лом ҳаётга интилишни рағбатлантиради.

Анваржон МИРЗАТОВ,

Чортоқ Абу Али Ибн Сино номидаги

жамоат саломатлиги техникуми ўқитувчиси.