ОИВ инфекцияси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган юқумли касалликлардан бири бўлиб қолмоқда. Дунё бўйича 40 миллиондан ортиқ одамда мазкур инфекция мавжудлиги қайд этилган. Ҳозиргача 30 миллиондан зиёд киши вафот этган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ер юзида ҳар куни 7000, ҳар соатда эса 300 нафар шахсда ОИВ инфекцияси янгитдан аниқланмоқда.
Ўтказилган таҳлиллар натижасига кўрсатяптики, бугунги кунда касалланишнинг асосий омилларидан бири ташқи миграциядир. 2023 йилнинг ўтган даврида аниқланган ҳолатларнинг 60-65 фоизи меҳнат миграцияси билан шуғулланиб келган аҳоли қатламига тўғри келмоқда. Юртдошларимиз ишлаш учун асосан Россияга боришади. Россия эса, ОИВ инфекцияси тарқалиш тезлиги бўйича Жанубий Африка, Мозамбик, Нигерия, Ҳиндистондан кейин 5-ўринда туради.
Шундай экан, мигрантликка бораётганлар айш-ишратга яқин йўламасликлари, саломатликларидан айрилиш ва оилаларини ғам-ғуссага ботишидан асраш учун ўзларига нисбатан қатъиятли бўлишлари талаб этилади.
Яна бир катта муаммо, бу – никоҳланувчи айрим шахслар, бепул қилиб қўйилган бўлса ҳам, тиббий кўрикка тўйдан кейин боришларидир. Тиббий кўрикка беписандлик бедаво дардга йўлиқтиради-ку! Бу каби вазиятда ҳаммадан кўп куюнадиган, эҳтиросларига эрк берадиган ота-она ва бошқа яқинлар нега тиббий кўрикни тўй дабдабаси ҳақидаги тавишлардан аҳамиятсиз деб биладилар? Янги оиланинг бахти, энг аввало, дабдаба эмас, саломатиликдадир.
Азиз юртдошлар, ота-оналар! Бўлғуси келин-куёвимиз саломатлиги назоратига бефарқ бўлмайлик. Ўғил уйлаймизми, қиз чиқарамизми, уларни тўйдан олдин текшириш ҳаёт-мамот масаласи эканлигини унутмайлик. Чунки, ОИВ инфекцияси мавжуд шахс ўзини соғлом ҳис қилиши, унда иллат ҳали ўзини намоён этмаган бўлиши мумкин, аммо, у шу дардни ташувчига айланганлиги тиббий кўрикдагина аён бўлади.
Шу ўринда мигрантликда бўлганларга мурожаат қиламиз. Четда ишлаб қайтаётган бўлсангиз, биринчи галда оилангиз бағрига ошиқманг, фарзандлар, ота-оналар билан қучиб кўришишга шошилманг. Чунки сиз билан ОИВ инфекциясигина эмас, бошқа юқумли касалликлар унсурлари ҳам илашиб келаётганлиги эҳтимолдан узоқ эмаслигини ёдда тутинг. Чет давлатдан бедаво дард, касаллик олиб келиб, азиз фарзандларингиз, турмуш ўртоғингиз ёки ота-онангизга юқтириб, бир умрлик ғам-қайғуга дучор бўлишдан сақланинг. Шу боис, хориждан қайтиш билан белгиланган тарзда тиббий кўрикдан ўтиш шарт. Шундагина ҳар қандай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин. Бу масалага МФЙ масъуллари, оила катталари жиддий эътибор беришларини сўраймиз.
Иброҳим ҲОМИДОВ,
Нилуфар НИЗОМОВА,
вилоят ОИТСга қарши кураш
маркази врач-эпидемиологлари.