25 апрель – Бутунжаҳон безгакка Қарши кураш куни
Безгак – ўлимга олиб келувчи хавфли касаллик бўлиб, тропик ва субтропик давлатларга борган шахсларнинг касалликни юқтириб келиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Мамлакатимизда унинг муҳофазасига қаратилган тадбирлар мажмуаси соғлиқни сақлаш тизимининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2011 йилдан бери маҳаллий аҳоли ўртасида бу касаллик қайд этилмаган. Лекин безгак чивинлари кўпайиши учун қулай табиий-иқлим шароитлари, аҳолининг жадал миграцияси ҳудудимизда инфекция юқиш ва тарқалиш хавфини кучайтиради. Вилоятимизда ҳам Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси даволаш-профилактика муассасалари билан ҳамкорликда безгак тарқалган жойлардан келганларни аниқлаш, шунингдек, профилактика ва эпидемияга карши чора-тадбирлар мажмуасини ўтказади. Шу мақсадда барча даволаш-профилактика муассасаларига ҳамда бошқа мутасадди ташкилот (таълим муассасалари, маҳаллалар, ички ишлар, мудофаа, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари)ларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Безгак – ўткир юқумли протозой касаллик бўлиб, даврий равишда тана ҳарорати кўтарилиши, талоқ ва жигар катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Безгак чивинлари асосан соҳили ботқоқлашган сув ҳавзалари, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўпланиб қолган, турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, сув қувурларининг ишдан чиқиши, ичимлик сувининг беҳуда оқиб ётиши натижасида вақтинча вужудга келган кўлмакларда кўпаяди.
Касалликнинг яширин даври етти кундан уч йил ва ундан узоқроққа чўзилиши мумкин. Касаллик одатда қалтирашдан бошланади. Лоҳаслик, дармонсизлик, жунжикиш, бош ва бел оғриғи, кўнгил айниш, иштаҳа ёмонлашиш ҳоллари қайд қилинади. Типик безгак хуружи қаттиқ қалтироқ тутиши билан бошланади, 15 дақиқадан 2-3 соатгача давом этади. Бу вақтда беморлар танаси исимайди, кўрпа ичида ҳам қалтирайди. Тана ҳарорати тез кўтарилади. Иссиқлик даври 2-6 соат давом этади ва терлаш даври билан алмашинади.
Агар шундай касаллик белгилари намоён бўлганида, албатта, тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Тўғри ташхис қўйиш учун қонни безгакка текшириб кўриш шарт. Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлаш керак. Безгакни даволаш учун самарали дори-дармон воситалари мавжуд.
Безгак чивинлари кўпайишига йўл қўймаслик мақсадида шоли майдонларини аҳоли яшаш жойларидан 2-3 км узоқликда жойлаштирилиши лозим. Ариқ, зовурларни ўз вақтида тозалаб, ободонлаштириш ишларини мунтазам олиб бориш керак. Чивинлардан шахсий ҳимояланиш мақсадида ёз ойларида пашшахоналардан фойдаланиш тавсия этилади. Бу каби тадбирларни тўла амалга ошириш билан ўзингизни ва оила аъзоларингизни безгак касаллигидан сақлаган бўласиз.
Зокиржон АБИДОВ,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат
саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси бўлим ва
лаборатория мудири,
тиббиёт фанлари номзоди.