Куз-қиш мавсумида овқатдан заҳарланишнинг оғир шаклларидан бири ботулизм кўплаб учрайди. У хонадон шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади. Бунинг сабаби оддий, яъни уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда ҳамма ҳам зарур технологик жараёнларга, санитария меъёрлари ва шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя қилмайди. Шунингдек, уларни белгиланган ҳароратда сақлашга ҳам кўпинча эътибор берилмайди. Оқибатда консервада ботулизм споралари тез ривожланади ва заҳарли токсинлар чиқаради.
Ботулизм-касаллиги бу одам организмининг марказий нерв системасининг оғир шикастланиши билан кечувчи, мушаклар парези ва фалажига олиб келувчи ўткир юқумли токсик касалликдир. Бу касаллик нерв паралитик бузилишлари, аксари ютиш ва ташқи нафас функцияларининг бузилиши, юрак тугунларининг зарарланиши билан характерланади. Касаллик сифатсиз балиқ, колбасалар, балиқли ва гўштли, мевали ва сабзавотли консервалар, қўзиқоринлар истеъмол қилиниши жараёнида юзага келади.
Ботулизм қўзғатувчилари таёқчасимон шаклга эга бўлиб, ҳаракатчан хивчинлари таёқчанинг танаси бўйлаб жойлашган. Бу таёқчалар тупроқда ташқи муҳитга чидамли бўлган махсус қобиққа ўралади, спора ҳосил қилади. Кўп йилларгача сақланади. Ботулизм бактерияларининг споралари тупроққа чорва ҳайвонлари ичагидан, сувга эса балиқлардан тушиб, сабзавотлар, мевалар, ғалла, ем-хашакларни инфекциялаш хусусиятига эга. Ботулизм қўзғатувчилари озиқ-овқат маҳсулотларида, одам ва ҳайвон организмида ҳамда сунъий муҳитларда кучли токсин ишлаб чиқаришга қодир. Бу токсин овқат билан одам организмига тушганида асаб тизимини қаттиқ зарарлайди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга организмга инфекция тушган, ботулизм қўзғатувчиси ва экзотоксин меъда ва ингичка ичакда тез сўрилиб, қон ва лимфа оқимига ўтиб, бош мия нервлари ва мускул тўқималарини зарарлайди.
Касалликнинг яширин даври 6-24 соат, баъзи ҳолларда 6-10 кунгача узайиши мумкин. Касаллик ўткир бошланади, хасталикнинг бошида брадикардия кузатилади, беморнинг юзи кўкариб кетади, бадани оқаради, токсик миокардит ривожланади. Биринчи навбатда кўзнинг хиралашиши, кўз олдида туман, тўр чизиқлар пайдо бўлиши, аккомадациянинг фалажланиши, птоз (қовоқнинг осилиб қолиши), диплопия (битта предметни иккита кўриш) каби белгилар намоён бўлади. Кейинчалик бурун йўллари ва халқум қақрайди, бемор ташна бўлади. Халқум қисилади, бемор қалқийди, сўзларни тиниқ ва аниқ айта олмай, димоғида гапиради. Унда ўткир нафас етишмовчилиги, бошини ушлай олмаслик, оёқ-қўлини бошқаролмай қолиш жараёни кузатилади.
Ботулизмга чалинмаслик учун ҳар бир инсон қуйидагиларга амал қилиши керак:
– уй шароитида тайёрланган помидор, бодринг, бақлажон икраси каби консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслик;
– белгиланмаган жойларда, кўча-кўйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилмаслик;
– дўконлардан консерва маҳсулотларини харид қилиш жараёнида маҳсулот ёрлиғи ва унда келтириб ўтилган ишлаб чиқарувчи корхона номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор бериш;
– ҳар қандай консерва маҳсулотларини очмаган ва чайқатмаган ҳолда аввал яхшилаб кўздан кечириш шарт. Қопқоғи кўтарилган, суюқлиги хиралашган ва ранги ўзгарган, ичидаги маҳсулот эзилган бўлса, бу ботулизмни келтириб чиқариши мумкинлигидан даракдир.
Ботулизм касаллигини даволаш ҳамда асоратларининг олдини олиш учун мутахассисга ўз вақтида мурожаат қилиш шарт. Беморни уй шароитида даволаш оғир асоратларга, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин.
Ҳабибулла АБДУЛЛАЕВ,
вилоят санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат
саломатлиги бошқармаси бўлим мудири.