Ҳозирги вақтда ОИВ инфекцияси бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган юқумли касалликлардан бири бўлиб қолмоқда. Касалликнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2013 йил 23 сентябрда "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган.

Унда барча ўтказиладиган чора-тадбирлар мужассамлаштирилган бўлиб, ОИВ билан зарарланганлар қонун билан ҳимоялангандир.

Қонунга асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВни юқтириб олганлар ижтимоий нафақа ва ногирон болалар учун имтиёзлар олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Қонунда аҳолини ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қоидалари белгилаб берилган. Барча ҳомиладорлар, никоҳланувчи шахслар ОИВга 100 фоиз бепул тиббий текширувдан ўтишга мажбурдирлар. Мақсад никоҳланувчи шахслар орасида ОИВ билан зарарланганларни аниқлаб, соғлом оилани шакллантириш ва ҳомиладорлар орасида ОИВ билан зарарланганларини эрта аниқлаб, уларга махсус дори-дармонлар бериб, ушбу оналардан соғлом болани дунёга келтиришни таъминлашдир.

Ҳозирги вақтда чет элга бориб ишлаб келган меҳнат мигрантларини даволаш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Агар меҳнат мигрантлари ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтса, ўзини ва оила аъзоларини ОИВдан асраган бўлади .

Долзарб муаммолардан яна бири ОИВҒОИТС ҳақида аҳолига етарли тушунчалар беришдир. Шундагина ҳар бир инсон ўзини ўзи бу офатдан сақлай билади.

ОИВ вируси одамнинг иммунитет системаси, яъни орга­низм­нинг юқумли ва юқумсиз касалликларга қарши курашиш қобилиятини йўқотади. Касаллик юққандан сўнг 5-10 йилгача зарарланган киши соғлом одамдай ҳаёт кечириши мумкин. Лекин ўзи билмаган ҳолда вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимоли юқори бўлади.

ОИВ инфекцияси қуйидаги йўллар билан юқади:

1. Ҳимоясиз, пала-партиш жинсий алоқа қилганда .

2. Қон орқали, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари, стерилланмаган тиббиёт асбоблари, соқол олувчи, таутировка ва косметик асбоблардан, айниқса, битта шприц орқали бир неча киши гиёҳванд моддаларни қабул қилганда юқиши мумкин.

3. ОИВ касаллиги ОИТС билан оғриган онадан болага ҳомила орқали, туғиш жараёнида ва эмизганда сут орқали ўтади.

ОИВ инфекцияси умумий идиш-товоқдан фойдаланганда, қўл бериб қучоқлашиб кўришганда, йўталганда ва аксирганда, умумий ҳожатхонадан фойдаланганда, бирга чўмилганда, ички ва сиртқи кийимлардан фойдаланганда, ҳашаротлар чаққанида юқмайди.

ОИВ касаллигида ОИТСга хос айрим белгилар бор: бу лимфа тугунларнинг катталашуви, бир ойдан ортиқ сабабсиз иситмалаш, сабабсиз тана вазнининг камайиб кетиши, юқори нафас йўллари касалликларининг тез-тез қайталаниши, терини ҳар-хил тошмалар тошишида кўринади. Агар ўзингизда ва бошқа яқинларингизда ушбу белгилар юзланса, кўнглингиз тўқ бўлиши учун ҳам хоҳлаган тиббиёт муассасасида ОИВ касаллигига бепул текширтиришингиз мумкин.

Ҳозирги вақтда ОИВ касаллигини даволайдиган махсус дори-дармон афсуски йўқ. Ишлаб чиқарилаётган ретровирусларга қарши дори-дармонлар ОИВ вируси кўпайишининг олдини олиб, бемор умрини узайтиради, холос.

Мабодо, ўзингизга ОИВ юқиб қолди деб ўйласангиз, нима қилиш керак? Бундай ҳолларда, энг аввало, тушкунликка тушмасдан Наманган шаҳар Ғалаба кўчаси 4-уйда жойлашган вилоят ОИТСга қарши кураш маркази қошидаги аноним хоналарга мурожаат қилинг. У ерда ОИВ инфекцияси бўйича ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб топасиз. Аноним хоналарида шахсингиз сир тутилган ҳолда хизмат кўрсатилади. Истасангиз, бепул лаборатория текширувидан ўтишингиз ҳам мумкин.

Касаллик вирусининг манбаи-бемор ва одам иммунитети танқислиги вирусини ташиб юрувчи шахслар ҳисобланади. Эпидемиологик жиҳатдан вирус ташиб юрувчилар беморларга нисбатан хавфлироқдирлар. Чунки улар соғлом кўринадилар, ҳатто ўзларини ОИТС вируси билан зарарланганликларини ҳам билмайдилар.

Маҳаматали АШИРМАТОВ,

Адҳамжон ҚИРҒИЗОВ,

Комилжон БОҚИБОЕВ,

вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари.