"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси СЭО ва ЖСБ томонидан тўғри овқатланиш юзасидан санитария тарғибот ишлари ва ўқув семинарлари ташкил этиш, юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, парҳез бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, уларни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига етказиш ишларининг мониторингини ўтказди.

Ўрганишлар натижасига кўра, йиллик, чораклик медиа дастурларга асосан аҳоли ўртасида организмнинг барвақт қариши, маҳсулотларни нотўғри истеъмол қилиш, овқатланиш меъёрларига амал қилмаслик оқибатида юзага келадиган хасталиклар ҳақида телевидение ва оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллалар, ташкилотлар, таълим муассасаларида озиқ-овқат маҳсулотларидан оқилона фойдаланиш, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик афзалликларига бағишланган қатор тадбирлар амалга оширилган.

Эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бирга аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, фуқароларнинг тиббий ва овқатланиш маданиятини юксалтириш юзасидан тавсия ва таклифлар берилди.

Н. МУҲАММАДИЕВА,

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари.