14 НОЯБРЬ – ХАЛҚАРО ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

Бу галги "Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни" олдидан ҳам эндокринология ёрдами кўрсатиш миллий дастури ижроси атрофлича таҳлил этилди. Натижаларга назар ташлайдиган бўлсак, қандли диабетга чалинган беморларнинг онлайн-реестри яратилди, тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва клиник протоколлар тўла жорий қилинди.

Вилоятимизнинг 13 та шаҳар ва туманида 34 нафар эндокринолог иш бошлади. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда врач-эндокринолог хоналари вужудга келди. Улар бу турдаги касалликларни аниқлаш, ташхислаш ва даволашда қўлланиладиган асбоб-ускуна, тиббий жиҳозлар, интернет тармоғига уланган компьютер жамламалари билан таъминланган.

Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг ички касалликлар бўлимлари негизида эндокринологик хасталик билан оғриган беморларни даволаш учун 120 та ўрин ажратилди.

Ҳудудлардаги эндокринологларимиз ва оилавий шифокорлар аҳолини эндокринологик скрининглардан ўтказиш, диабет аниқланганларни диспансер ҳисобига олиш, диабетолди аломати борлар рўйхатини юритиш, тиббий маслаҳатлар бериш, эндокринологик даволаш стандарти ва клиник протоколларни қўллашда яқиндан кўмаклашмоқдалар. Шунингдек, улар махсус дори-дармонлар, глюкометр ва тест япроқчалари таъминоти, лаборатория хизмати, шифокор олди кўриги хонаси, кундузги стационар, ихтисослашган ўринлардан фойдаланиш назоратини ҳам олиб боришяпти. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 105-сонли буйруғига асосан тез тиббий ёрдам филиалларида бир кунлик кузатув ўринлари ташкилланди. Уларга туманлардаги врач-эндокринологлар масъул этиб тайинланди.

Қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган болалар ва ўсмирлар "Лантус" ва "Апидра" инсулинлари, глюкометр, тест япроқчаси билан филиал дорихонаси орқали тўлиқ ва бепул таъминланди. Қандли диабетнинг биринчи тури қайд қилиниб, диспансер ҳисобида турган 18-25 ёшдаги беморларга "Ринглиз", "Ринглар" аналог инсулинлари, "Ринсопен", "Растан" шприц-ручкаси, "Генотропин" номли ўсиш гормонлари тарқатилди.

Қандли диабетнинг биринчи тури юзасидан ҳисобда турувчи 0-6 ҳамда 7-18 ёшдаги ўғил-қизларга эса "Левемир", "Новорапид" аналог инсулинлар бепул етказилди.

Филиалнинг олим-шифокорлари, врачлари, лаборантлари, ҳамширалари бор куч ва имконият, билим ва заковатларини эндокринологик касаллик билан ҳисобда турган юртдошларимизнинг саломатлигини назорат қилишга ва яхшилашга бахш этмоқдалар. Бир неча мутахассиснинг Туркия, Россия Федерацияси, Грузия ва бошқа хорижий давлатларда малака ошириб келганликлари тиббий хизматни сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш омили бўлмоқда. Шу боис улар томонидан ўтказилаётган скрининг текширувлари салмоғи ва натижадорлиги ўтган йилнинг шу давридагидан анча юқори.

Филиал билан РИЭИАТМ ўртасида телемедицина тармоғи ўрнатилган. Ташхислаш ва муолажа белгилаш мураккаб бўлган 145 беморнинг ҳолатини аниқ баҳолаш учун тезкор равишда олимлар билан шу тармоқ орқали кенгашгач, ўша беморларни муваффақиятли даволашга эришдик.

Баҳриддин СИДДИҚОВ,

академик Ё. Тўрақулов номидаги

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий

тиббиёт маркази Наманган филиали директори.