Узоқ йиллар тиббиёт соҳасида меҳнат қилиб келаётган шифокор сифатида шуни таъкидлашим керакки, мамлакатимиз тарихида аҳолининг соғлигини сақлаш, юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш масаласига ҳозиргидек эътибор қаратилмаган, маблағлар ажратилмаган.
Соҳада меҳнат қилаётган мутахассислар учун бугунгидек шароитлар яратиб берилмаган десам, кўпчиликнинг кўнглидаги гапни айтган бўламан. Айниқса, дунё аҳолисини ўз синовидан ўтказган пандемия тиббиётни, шу ўринда унинг ажралмас қисми бўлган санитария хизматининг аҳамияти ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасидаги ўрни нақадар муҳимлигини кўрсатиб берди.
Бу Президентимиз томонидан ҳам эътироф этилди. Соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, шифокорлар иш ҳақини ошириб бориш, замонавий жиҳоз, аппаратура, транспортлар билан таъминлаш борасида муҳим қарорлар қабул қилинди. Қисқа фурсатда тилга олса арзигулик ишлар амалга оширилди. Бизнинг бошқарма, унинг шаҳар ва туман бўлимларида ҳам катта ўзгаришлар қилинди. Мавжуд муассасалар бинолари замонавий кўринишда таъмирланди, совуткич омборлари қуриб, фойдаланишга топширилди. Лабораториялар фаолияти йўлга қўйилди. Тезкор натижалар бера оладиган аппаратлар ишга туширилди. Керакли кимёвий моддалар билан таъминланди. Пировардида, санитария хизмати самарадорлиги, "Намунали муассаса" лойиҳаси доирасидаги ижобий натижаларга эришилди.
Бугунги паллада ҳам барча имконият ва яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда кенг кўламда иш юритаяпмиз. Айниқса, ҳамкор ташкилотлар билан юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида амалга ошираётган режали тадбирларимиз самарасини бермоқда. Аммо вирусли гепатит А билан касалланишни камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз биздан янада фидойилик кўрсатиб меҳнат килишни талаб этаётир.
Касалланиш таҳлил қилинганида, у 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўртасида кўпроқ учрамоқда. Унинг 88,5 фоизи мактабгача тарбия ва мактаб ёшидаги болалар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтиришимизни тақозо қилади. Вирусли гепатит А антропоноз билан фақат одамлар касалланади. Қўзғатучи вирус одам организмига оғиз орқали, тозаликка риоя қилмаслик, қайнатилмаган сувни ичиш, мева-сабзавотларни тоза сувда ювмасдан истеъмол қилиш, маиший мулоқот, бемор фойдаланган идиш, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак, ўйинчоқлар, сўрғичлар орқали ва очиқ сувларда чўмилиб, сувни ютиб юбориш натижасида юқади.
Вирус яна беморнинг сўлаги, қусуқ моддаси, нажаси ва пешоби орқали ташқарига ажралиб чиқади ва ташқи муҳитда ўзини юқувчанлик хусусиятини сақлаб қолади. Бу ҳолат атрофдаги одамлар учун хавфли ҳисобланади. Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, асосан, мактабгача тарбия ва мактаб ёшидаги болаларда шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик (кир қўллар) оқибатида касалликни юқтириб олишига сабаб бўлаяпти.
Касаллик юққач, яширин давридан сўнг белгилари юзага чиқмоқда. Бунинг сабаби ва даврнинг қисқа ва узоқ бўлиши одам организмига тушган вируснинг миқдорига, иммунитет фаоллиги ва беморнинг ёшига ҳам боғлиқлиги, шубҳасиздир. Касалликнинг яширин даври тугагач, "сариқлик даври" бошланади. Бунда беморда умумий ҳолсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгил айниши, овқатлангандан кейин қайт қилиш, ўткир шамоллаш касалликларига хос бўлган белгилар кузатилади. Бемор бу даврда атрофидаги одамларга касалликни маиший мулоқот орқали юқтиради. Шунинг учун юқорида баён этилган касаллик аломатлари кузатилганда зудлик билан ҳудудда хизмат кўрсатаётган даволаш-профилактика муассасаси шифокорига мурожаат қилиши ва унинг тавсиясига кўра даволаш муолажаларини олиши керак. Гепатитдан сақланиш учун нима қилмоқ керак? Тоза қўл гигиенасига риоя этиш шарт. Фақат қайнатилган сув ичинг, очиқ сув ҳавзаларида чўмилманг, мева-сабзавотларни тоза сувда ювиб, истемол қилинг, бемор билан маиший мулоқотда бўлмаслик чораларини кўринг.
Мактабгача тарбия муассасаси ва мактабларда болаларни қабул қилишда албатта, тиббий кўрикдан ўтказишни унутманг. Ҳожатхона атрофида санитария талабига жавоб берадиган қўл ювиш жойи ташкил этилиши ва совун, сочиқ билан таъминланиши керак. Хоналарда ҳар куни ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалар билан намли тозалов ўтказинг, ҳавосини алмаштириб туринг, жамоат жойларида тозаликка қатъий риоя этинг!
Фарзандларимиз вирусли гепатит А касаллиги билан зинҳор оғримасин десангиз, 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларингизни ўз вақтида касалликка қарши эмлатинг!
Абдулбоқи ИСМАТОВ,
вилоят санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси врач эпидемиологи.