"Экологияни асраш", "табиатни муҳофаза қилиш" ибораларини кўп эшитамиз. Бу тушунчаларнинг боғлиқлиги ва фарқлари нимадан иборат?
Табиатни муҳофаза қилиш борлиқни яхлит ҳолатда англаш, ер, сув, ҳаво, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини асрашни англатади. Экология ҳам ана шу вазифаларни зиммасига олиш билан бирга барча тирик жонзотларнинг яшаш тарзини ўрганувчи фандир. Демак, у ҳам табиат, ҳам инсониятнинг барқарор хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи таълимотдир. Бу икки тушунча замиридаги мазмун ва моҳиятни аҳоли онгига сингдириш долзарб масаладир. Зеро, киши табиат ва атроф-муҳитнинг тириклик манбаи эканлиги, саломатлик, насллар камолига фаол таъсирини англасагина уни асраш муҳимлигини ҳис этади.
Шу боис мамлакатимизда таълимнинг барча босқичларида экология фани ўқитилмоқда. Ёшларга борлиқдаги ҳамма нарса ўзаро боғлиқлиги, органик олам эволюцияси, табиат жараёнларининг кимёвий, биологик ва физикавий хусусиятларини назарий, амалий жиҳатдан тушунтириш, амалий кўникмалар ҳосил қилишга ҳаракат қилинмоқда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қадриятларни ўзида жам қилган экологик маданият ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида катта роль ўйнайди. Ижтимоий-иқтисодий тармоқларнинг ривожи ҳам кўп жиҳатдан ана шу омилга боғлиқ.
Аждодларимиз қадимдан ер, сув, ҳаво, наботот, ҳайвонот оламини авайлаб-асрашни муқаддас бурч деб билганлар. Аммо яқин ўтмишда экологик онг ва маданиятни кучайтиришга амалда етарли эътибор қаратилмагани боис ҳаётбахш анъаналар кучсизланди.
Яхши ҳамки, Президентимиз ташаббуси билан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси жорий этилди. Мамлакатимиз бўйлаб баҳор ва куз мавсумида янги ниҳоллар ўтқазиш, кислород маконларини кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эзгу анъана нафақат экологияни яхшилашга, балки юртдошларимизда табиатга меҳр-муҳаббат, уни эҳтиётлаш иштиёқини уйғотаётганлиги билан ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Айниқса, ёшлар сувни исроф ва ифлос қилмаслик, дарахтзор ва гулхоналарни пайҳонламаслик, уларни парваришлаш тоза ҳаво, фароғатли турмуш гарови эканлигини англаб бормоқдалар.
Таъкидлаш жоизки, аҳолида экологик маданиятни таркиб топтириш қадимий ҳамда замонавий анъаналар, оммавий билим ва кўникмаларни тобора кенг ёйишни тақозо этади. Бу борада эколог, географ, этнолог, тарихчи, социолог ва тиббиётчилар ташаббусни қўлга олиб, тарғибот-ташвиқотдаги изчил, мунтазам, таъсирчан чиқишлари билан жамоатчиликка ўрнак бўладилар, деган умиддамиз.
Беҳзод ИСҲОҚОВ,
Наманган муҳандислик-қурилиш
институти "Ижтимоий фанлар" кафедраси доценти.