Одам иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) – иммун тизимининг зарарланиши натижасида янги касалликлар ва ёмон ҳосилаларнинг пайдо бўлиши билан кечадиган касалликдир. Унинг маълум бўлиши қуйидагича. 1980 ва 1981 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги учта шифохонада "Пневмоцистли зотилжам" ташхиси билан бешта бемор даволанган. Касалликлари жуда оғир ўтган, вируснинг дориларга чидамлилиги ўта юқори бўлган. Пневмоцистли зотилжам касаллиги пайдо бўлишининг асл сабаби иммун тизимининг жиддий шикастлангани, лимфоцитлар сони кескин камайиб кетганлиги бўлиб чиқади. Аммо беморларда иммун тизимини сусайтирадиган бирор иллат ҳам аниқланмаган. Фақат шу аён бўлганки, улар бесоқолбоз бўлишган. Шундагина "йигитлар" янги касаллик – "Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми" хасталигига учрагани аёнлашди.
Кейинги давр таҳлиллари кўрсатишича, ОИТС асосан чала туғилган чақалоқлар, иммун тизимининг пасайишга олиб келувчи дори воситалари қабул қилганлар, радионурлар таъсирига учраган одамлар, саратон билан оғриганларда учрамоқда. Шунингдек, гиёҳвандлар, нотаниш шахслар билан пала-партиш жинсий алоқа қилувчилар, шу дардга чалинганини билмасдан ҳам юрганлар ОИТС тарқатувчи хавфли шахслар гуруҳига киради. Юқиш хавфининг энг юқори даражаси аёл ва эркакнинг аҳлоқсизлик фонидаги жинсий алоқалари эканлиги ҳам ҳақиқат.
Юқиш омиллари ҳақида гап кетар экан, парентерал ҳолатларни ҳам таъкидлаш жоиз. Яъни, айрим ҳолларда вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилиши, ностерил шприцлар ва тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш, тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган барча муолажалардаги эҳтиётсизлик ҳам ОИТСнинг соғлом одамга юқишига олиб келяпти. Яна бир сабаб вертикал, яъни вирус ташувчи онадан ҳомилага ёки туғруқ жараёнида ва туғилгандан сўнг чақалоққа она сути орқали юқиши мумкин.
Касаллик баданга тушгач, дарров белги бермайди. Бир неча ойдан ўн йил, балки ундан ҳам кўпроқ вақт яширин даврини кечиради. Бу босқичда клиник белгилар бўлмайди, ташхислашга ҳам тахминий ёндошишга тўғри келади. Одам ўзини соппа-соғ, иш қобилияти жойида деб ҳисобламайди. Вирус қўзғолгач, беморларнинг 30-50 фоизида касаллик дафъатан бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, ангина ёки фарингит белгилари кузатилади. Аввал бўғимлар, мушаклар, кейинроқ катталашган талоқ ва лимфа тугунларида оғриқ сезилади. Аммо шунда ҳам жинсий қобилият ва иш фаолияти сақланади.
Кейинги даврдагина бемор иммунитети кескин пасайиб, сурункали гепатит, пневмония, камқонлик, сил, саратон каби касалликлар келиб чиқади. ОИТСнинг сўнгги босқичи бўлган терминал даврда бемор ўта озиб кетади, тез-тез ҳарорати кўтарилади. Қондаги гемоглобин жуда ҳам пасаяди. Аҳволи кун сайин оғирлашиб, ўлимга юз тутади.
Шуни ҳам эслатиш жоизки, дунё тиббиёти ОИТС билан касалланганларни бутунлай соғайтириш йўлини ҳамон изламоқда. Ҳозирги даволаш чоралари бемор умрини узайтириш, унинг ҳаёт кечиришини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Зоҳиджон ҚОЗОҚОВ,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врачи.