у ҳақда нималарни билишимиз зарур?
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) жорий йилнинг 14 августида маймун чечаги вируси билан касалланиш сонининг ортиб бораётганлиги муносабати билан "Халқаро аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолат" эълон қилди. Маълумотларга кўра, бу йилнинг ўзида дунё бўйича юз мингдан ортиқ касалланиш ва 524 ўлим ҳолати қайд этилган.
Маймун чечаги вируси зооантропонозлар тоифасига киради. Асосий юқтурувчи ва тарқатувчилари – маймунлар ва кемирувчилар (олмахон, дарахт олмахони, Гамбия каламуши) ҳисобланади. 2022 йилда унинг тарқалишига ноанъанавий жинсий алоқа қилувчи одамлар сабаб бўлганлиги қайд этилган.
У кўп ҳолатда маиший мулоқот орқали юқади. Яъни, соғлом одамнинг – беморнинг тошмаларига тегиши (шу жумладан касал ҳайвонга), унинг биологик суюқликларига, масалан, ўпишиш, жинсий алоқа қилиш, жароҳатланиш, нарсалар ва кийимларга тегиниш пайтида юқтириши мумкин.
Аэрозол шаклида – яъни юзма-юз мулоқот қилишда, ифлосланган сўлак ва балғам заррачалари орқали нафас олганда ҳам унга рўбарў келиш хавфи юқори. Бундай ҳолат касалланган ҳомиладор аёлда ҳам кузатилиши мумкин. У туғруқ пайтида ва ундан кейин туғилган чақалоқ билан яқин алоқада бўлиши натижасида касаллик содир бўлади.
Шунингдек, касал ҳайвон гўштини тайёрлаш ва истеъмол қилиш вақтида вирус танага юқори нафас йўллари, тери ва шиллиқ пардалар орқали киради.
Маймун чечаги клиник белгиларсиз кечиши мумкин. Ёш болалар, иммун танқислиги, ҳимоя омилларидан фойдаланмаслик – касалликнинг зўрайишига олиб келади.
Барча тошма элементлар бир вақтнинг ўзида бир босқичда бўлади. Қора доғлар уч ҳафтадан кейин йўқолиши мумкин. Тошма элементлари бир нечтадан бир неча мингтагача учраши ва кўпинча оғриқли бўлиши табиий. Лимфа тугунларининг катталашиши – маймун чечагининг ўзига хос белгиси бўлиб, одатда тошма пайдо бўлишидан олдин ривожланади.
Маймун чечаги касаллиги асосан уч-тўрт ҳафта давом этади. Оғир касаллик кўпинча болаларда учрайди. Бемор уч ҳафталик даврда (21 кун) Африка мамлакатларига ташриф буюрганлиги, касаллик ташхиси қўйилган одамлар билан яқин алоқада ёки мулоқотда бўлгани аниқланса, шифокор беморни маймунчечак билан касалланганлигига шубҳаланиши мумкин.
Маймун чечагининг ажралиб турадиган хусусияти – иситма, танада характерли тошмаларнинг тошиши ва лимфа тугунларининг катталашиши (биринчи клиник белгилардан тошмалар пайдо бўлишигача) ҳисобланади.
Махсус бўлмаган профилактика чоралари қуйидагилардан иборат.
Маймун чечаги ёки шунга ўхшаш тошмаси бўлган одамлар билан алоқа қилишдан сақланиш (уларга тегинмаслик, умумий идиш-товоқ ва нарсаларни ишлатмаслик);
қўлни тезтез совун билан ювиш ёки дезинфекцияловчи спрей ва ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тавсия қилинади.
Чинчечак ва маймунчечак вируслари ўхшашлиги сабабли, чинчечак учун ишлаб чиқилган вакциналар маймун чечакнинг профилактикаси учун ҳам ишлатилиши мумкин. Вакцинанинг самарадорлиги саксон беш фоизни ташкил қилади. Вакцина касалланишдан уч-беш йил давомида ҳимоя қилади.
Учқун МУРОДОВ,
вилоят санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги
бошқармаси бошлиғи ўринбосари.