Ушбу касаллик заҳарли овқат истеъмол қилингандан 12-24 соат ўтгач, тўсатдан бошланади. Беморнинг боши оғрийди, тинкаси қурийди, кўзи тинади, лоҳасланиб кўнгли айнийди. Қусади, қорни оғриб ташна бўлади. Кўз хиралашиб, унинг кўз олдида "туман", "тўр ялтироқ" нарсалар ва уларнинг аксари қўшалоқ бўлиб кўринаётганлигидан нолишади. Бемор кўз қорачиғининг кенгайиши, қовоқларининг осилиб тушиши, нутқи ва нафас олишининг бузилиши, товушнинг бутунлай чиқмай қолиши, кўкрак қафасида қисилиш, оғриқ белгилари кузатилади.

Касалликнинг юқоридаги белгилари кузатилганда бемор зудлик билан шифохонага ётқизилиши керак. Акс ҳолда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Касалликнинг олдини олиш учун эса консервалар тайёрлаш устидан қатъий назорат ўрнатиш зарур. Уй шароитида умуман гўшт, балиқ маҳсулотларидан консерва тайёрлаш тавсия этилмайди.

Нафиса МАМАСОДИҚОВА,

9-оила поликлиникаси шифокори.