Юзимга тошма тошди. Онам бу ҳуснбузар эканлигини айтди. Бу касаллик нимадан келиб чиқиши, белгилари ҳақида маълумот берсангиз.
Зоир ЗОКИРОВ,
талаба.
Оддий ҳуснбузар одам балоғат ёшига етганда кузатилади. Касаллик асосан эстроген ва андроген гормонлари нисбатининг ўзгариши, яъни андрогенлар миқдорининг кўпайиши, ёғ ажралиши жараёнининг кучайиши ҳисобига юзага келади. Ҳуснбузар пайдо бўлишига меъда-ичак аъзолари касалликлари, моддалар алмашинуви ва эндокрин тизими фаолиятининг бузилиши, гиповитаминозлар, қабзият ва бошқа омиллар сабаб бўлади. Касаллик ривожида ёғ безлари кўп миқдорда ёғ ажрата бошлайди ва ажралаётган секреция миқдори ошибгина қолмай, балки унинг таркиби ҳам ўзгаради. Ортиқ даражадаги ёғ кислоталари терида ишқорий муҳит яратади.
Оддий ҳуснбузарнинг яллиғланишсиз, яллиғланишли, тугунчали тошма, пустулалар кўринишидаги турлари мавжуд. Касалликнинг илк аломатлари терида қаттиқлашган қизғиш тугунчалар пайдо бўлади. Кейинчалик, яллиғланиш жараёни тугунчали, пустулали ёки папула-пустулали тошмаларнинг пайдо бўлиши билан кечади. Касалликнинг бундай клиник кўринишда кечишида тошмалар асосан чандиқлар ҳосил қилмай йўқолади. Тошмаларнинг бир-бирига қўшилиши ва чуқурлашиши ҳисобига инфильтрация ёки абсцессланиш ҳолатлари вужудга келади, натижада жараён депигментли чандиқланишларни қолдириш билан тугайди.
Касалликнинг шарсимон шаклида катта ҳажмли инфильтратлар ҳосил бўлиб, секин-аста абсцесслар юзага келади ва чандиқ ҳосил қилади. Молниенос деб аталувчи ҳуснбузар тошмаси тез вақт ичида яраларга айланади. Бемор тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилади, мушак ва бўғим соҳаларида оғриқлар, ҳолсизлик ҳолатлари ҳамда иштаҳанинг пасайиши каби ўзгаришлар кузатилади. Касаллик асосан қўлтиқ ости ва оралиқ соҳаларида жойлашади. Молниенос ҳужайраси тери ичида етилиб ёрилгач, йирингли суюқлик чиқаради.
Пушти ранг ҳуснбузар касаллиги билан асосан 40 ёш ва ундан катта ёшдаги аёллар хасталанадилар. Касаллик сабаби сифатида ошқозон-ичак тизимидаги бузилиш эканлиги кўпроқ қайд этилган. Тошмалар асосан беморлар юз терисининг ёноқ, бурун, пешона, даҳан соҳаларида пайдо бўлади. Баъзан кўз шиллиқ қаватлари ҳам зарарланиб, конъюнктивит, кератит ва ёруғдан қўрқиш аломатлари келиб чиқади. Касаллик кучсиз, эритематоз доғлар ҳосил бўлиши билан бошланади. Бу доғлар турғун кўринишда бўлиб, бироз кўкимтир-қизғиш тусга киради. Яллиғланиш баъзиларда бир неча йилларга чўзилиши оқибатида ўчоқлар бир-бирлари билан қўшилади. Шу сабаб тери рельефи ўзгаради, ғадир-будур кўринишга келади.
Қизил югурик ҳуснбузари ўчоқларида турли катталикда эритематоз доғлар билан ажралиб туради. Уларнинг чегаралари аниқ бўлиб, бир оз инфильтралланган, юзаларида эса қийин кўчувчан қипиқлар ва атрофик ўчоқлар мавжуд бўлади.
Перорал дерматит худди пушти ҳуснбузар касаллигига ўхшаб, кўп ҳолатларда касаллик аёлларда кузатилади. Касаллик белгилари асосан юз, оғиз атрофлари ҳамда бурун қанотлари соҳаларида жойлашади. Ўчоқларда чегараланган эритематоз доғлар, тугунчаларни кўриш мумкин. Шу тугунчалар ёрилиши пировардида юзда қипиқланиш кечади.
Бугунги кунда ҳуснбузарларнинг барча турларини даволаш усуллари, дори-дармонлари мавжуд. Ҳолбуки, кўпчилик мазкур касалликка беписанд қарайди. Ҳуснбузар баданга тошган заҳоти соҳа мутахассисларидан маслаҳат ва зарур тиббий ёрдам олиш керак. Ўз билганича даволаш тери тўқималари бузилиши, яъни хунуклашишга олиб келади. Ёшлар юзларида пайдо бўлган тугунчаларни сиқиб ташлашлари оғир асоратлар қолдиради.
Бахтиёр ҚОДИРОВ,
РИД ва КИАТМ давлат
муассасаси Наманган филиали раҳбари.