Темперамент. Бу ҳақда тиббиёт ходимлари, психологлар, педагогларгина эмас, ҳар бир фуқаро имкон қадар кенгроқ тушунчага эга бўлиши керак. Чунки одам оила аъзолари, маҳалладош, таълимдош, касбдошлар, жамоат орасида муносабатда экан, кишилар феъл-атворидаги устувор хусусиятларни билиб муомала қилсагина, турли кўнгилсизликларнинг олдини олиши мумкин.

Мазкур атама таржимаси луғатларда "мижоз" деб берилган. Демак, темперамент, яъни руҳият мижози одамнинг индивидуал хатти-ҳаракатларини ифодалаб турувчи туғма ва турғун психофизиологик хусусиятларнинг йиғиндиси. Физиологик жиҳатдан олий нерв фаолиятига боғлиқ. Шунинг учун бош мияга бўлган таъсир натижасида юз берадиган эмоционал ҳолат кишининг қандай темпераментга хослигини намоён этади.

Темперамент туғма ва ўзгармасдир. Шахс умрбод ўша гуруҳга мансублигича қолади. Руҳий мижоз тафаккур даражаси ёки инсонийлик фазилатларига қараб ҳам бўлинмайди. Шу боис барча гуруҳ вакиллари ичида ҳам иқтидорли ва иқтидорсиз, илмли ва илмсиз, виждонли ва виждонсиз кишиларни учратиш мумкин.

Врач Гераклид ва доя Фенаретнинг фарзанди, эрамиздан 460 йил олдин Кос оролида туғилган, Шарқда Буқрот номи билан машҳур Гиппократ одамлардаги руҳий таъсирланишларнинг кучи, тезлиги ва ўзгаришига қараб мижозни сангвиник, меланхолик, холерик, флегматик гуруҳларга бўлган.

САНГВИНИК – қувноқ, чаққон, тиришқоқ ва таъсирчан одам. У теварак-атрофга тез мослашади, воқеа-ҳодисаларга реакцияси кучли. Гапдон, ҳар қандай киши билан мулоқотга осон киришиб кетади ва суҳбат пайтида қувноқ мимикани кўп ишга солади. Ўзига ёққан машғулотга осонгина берилиб кетса-да, давомли ишларда масъулиятсизликка йўл қўяди. Сангвиниклар кучли типдаги шахслар қаторига киради.

ФЛЕГМАТИК – вазмин, босиқ, камҳаракат ва ҳиссиётини жиловлаб тура оладиган одам. Флегматик одатда камгап, ҳар қандай ишни шошмасдан бошлаcа-да, охирига етказади. Зиддиятли вазиятларда ҳиссиётга ортиқча берилмайди. Агар сангвиник тез ёниб, тез сўнадиган алангага ўхшаса, флегматик секин оловланиб, узоқ ёнадиган алангадир. Тез жавоб бериш зарур бўлган вазиятларда эса флегматик кўпинча вақт­ни бой бериб қўяди. Бунда сангвиник устун келади. Қатъийлик, ирода ва сабр-тоқат талаб қилинадиган ишларда эса флегматик устун. Флегматикни кулдириш ҳам, жаҳлини чиқариш ҳам қийин. Флегматик кучли типга киради.

ХОЛЕРИК – жиззаки, қизиққон, чаққон, беқарор, ҳиссий реакцияга бой одам. У жуда ҳаракатчан. Меҳнат қобилияти катта. Аммо, қизиқиш билан бошлаган ишини охирига етказмайди. Бир маромда меҳнат қилмай, гоҳ ғайратланади, гоҳ имиллайди. Эҳтиёткорлик, матонат ва чидам талаб қилинадиган вазиятларда холерик қийин аҳволга тушиб қолади. Холерикнинг жаҳлини чиқариш жуда осон. У ҳам кучли шахслар типига киради.

МЕЛАНХОЛИК гуруҳига мансуб шахсларда – ғамгинлик, ўзини заиф сезиш, журъатсизлик устувор. У салга хафа бўлади, жиддийроқ ишларга журъат этолмайди, ўз фикрига эга эмас. Меланхолик арзимаган қийинчиликларга бардош бера олмайди, муаммолар ечимини топиш учун курашдан воз кечишни афзал кўради. Санг­виник ва флегматик эса қийинчиликларни осон енгишади, холерик эса уларни ҳатто йўқ қилиб юборади. Меланхоликда салбий ҳис-туйғулар устунлик қилади. Бахтли воқеаларга қараганда, нохуш воқеалар уларга кўпроқ таъсир қилади. Шунинг учун ҳам меланхолик доимо тушкун, ҳафақон кайфиятда юради. Меланхолик – темпераментнинг кучсиз типи.

Сангвиник ва холериклар кўп тарқалган темпераментлар сирасига киради. Улар турмуш қийинчиликларига мослашишга ўзларида куч топа оладилар.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бирор темперамент хусусиятлари юз фоиз бир шахсда таркиб топиши кам учрайди. Бир одамда икки темперамент типи тенг миқдорда ҳам бўлмайди. Масалан, кимдир етмиш фоиз холерик бўлса, ўттиз фоиз меланхолия аломатлари ёки етмиш беш фоиз флегматик, йигирма беш фоиз сангвиникка мансуб хусусиятлар аралашган бўлиши мумкин.

Руҳиятдаги мижоз туғма ва ўзгармас бўлишига қарамай, оила, таълим даргоҳи, меҳнат жамоаларида одоб-ахлоқ тарбиясини изчил ва таъсирчан олиб бориш билан темпераментдаги салбий омилларни чеклашга ўргатиш зарур. Шундагина шахс мижозидаги камчиликлар фаолиятга салбий таъсир қилишининг олди олинади.

Жаҳонгир КАРИМОВ,

Абу Али ибн Сино номидаги

Чортоқ жамоат саломатлиги техникуми ёшлар етакчиси.