Ўлкамизда баҳор. Атроф ям-яшил, гулларга бурканди. Кўкда қуёш заррин нурларини сочиб, борлиқни қиздира бошлади. Одамлар либосларини алмаштириб, енгил кийим-бошни танлаганлари ҳам бежиз эмас. Аммо ҳар фаслнинг ўз зийнати бўлгани каби ўзига яраша синов, заҳматлари ҳам борлигини унутмаслигимиз зарур.

Айни кунларга тиббиёт мутахассиси назари билан қарайдиган бўлсак, об-ҳавонинг кескин исиши оқибатида аҳоли ўртасида айрим юқумли касалликлар, жумладан, ўткир юқумли ичак касалликлари қайд этилиши сезиларли даражада ортади. Уни турли микроорганизмлар келтириб чиқаради. Айниқса 14 ёшгача бўлган болалар ўртасида нисбатан бир оз кўпроқ қайд этилади.

Ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда қайнатилмаган сув ичиш, яхши сақланмаган ва узоқ муддат туриб қолган овқатларни, ҳўл мевалар ва қовун-тарвузларни ювмасдан истеъмол қилиш, бемор билан мулоқотда бўлганда шахсий гигиена қоидаларига риоя этмаслик, белгиланмаган очиқ сув ҳавзаларида (ариқлар, фавворалар, каналлар, дарёлар ва ҳ.к.) чўмилган пайтда сув билан микробларнинг организмга тушиши, болаларга бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидалари ҳамда сақлаш тартибларини бузиш, касаллик қўзғатувчиларини ташувчи пашшаларнинг кўпайиши каби омиллар оқибатида касаллик юқади.

Кўнгил айниши, қайд қилиш, ич кетиш, тананинг сувсизланиши, умумий ҳолсизлик, иштаҳасизлик, қорин соҳасида оғриқ бўлиши касаллик аломатларидир. Касалликнинг ана шу илк белгилари кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Уни юқтириб олмаслик учун сувни қайнатилган ҳолда ичиш, озодаликка риоя қилиш, айниқса қўлларни овқатдан олдин ва ҳожатдан ке­йин совунлаб ювиш, уйда ва жамоат жойларида шахсий ва умумий гигиена қоидаларига риоя қилиш, барча турдаги ҳўл мевалар ва полиз маҳсулотларини ювиб истеъмол этиш зарур. Шунингдек, яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар ҳамда ҳар хил салатларни истеъмол қилмаслик, сув ҳавзаларида чўмилганда тозалигига ва чўмилиш жараёнида сув ютмасликка эътибор бериш, совутгичларни тоза тутиш, ундаги маҳсулотларни ўз вақтида истеъмол қилиниши ва янгилаб турилишига эътиборли бўлиш керак. Ҳўл мевалар ҳамда полиз маҳсулотларини истеъмол қилинганидан сўнг қайнатилмаган сув ичмаслик, ёғли овқатлар билан бирга истеъмол қилмаслик лозим.

Кундалик турмушни тўғри режалаштириш, жисмонан фаол бўлиш, ёш болаларни кўкрак сути билан боқиш, 6 ойликдан кейин бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиниши, таомни бир марта овқатлантиришга етадиган миқдорда тайёрлаш, шу мақсадда ишлатиладиган полиэтилен ва шиша идишларни ювилиши ҳамда қайнатилишини таъминлаш, болаларда ёшлигидан сўрғичдан фойдаланишни таъқиқлаш, пашшалар кўпайишига йўл қўймаслик шарт.

Юқорида қайд этилган профилактик тадбирларга риоя қилинса ва оилада тиббий маданият шакллантирилса, ўткир юқумли ичак касалликларига чалинишнинг олди олинган бўлади.

Шоҳиста АБДУЛЛАЕВА,

Наманган шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик

ва жамоат саломатлиги бўлими врач-эпидемиологи.