Ақлий ожизлик, руҳий камчилик омиллари талайгина. Ана шуларнинг бири хорижий "ижодкорлар" ижтимоий тармоқларда тарқатаётган кучли ҳиссий босимга эга видеоўйинлардир. Уларнинг аксари ўзининг асабни таранглаштирувчи воқеалари, нотабиий овоз, ваҳимали мусиқа, ақлни оздирувчи эффект, зиддиятли тавсирлари билан болалар ва ўсмирларни руҳан карахтлантиради. Ўзлигини унутиб, ўйин "қаҳрамони" сифатида фикрлайди, "сценарий" бўйича мудҳиш ҳаракатларни бошқара бориб, разил феъл шаклланади. У ақлий салоҳияти эмас, видеоўйин ғояси асосида фикрлайди. Секин-секин реал воқелик, инсоний ҳаёт тамойилларини унутади. Энг ёмони, ўйин "қаҳрамони"даги ҳиссёт ва фикрлаш тарзи билан яшашга одатланган бола ўша "қаҳрамон" ўз жонига қасд қилса, беихтиёр такрорлаши ҳам мумкин.
"Кўк кит", "Тинч уй", "Мени уйғот", "Югурсанг, ўласан" кабилар ана шундай оғули видеоўйинлардир. "Ижодкорлар" уларга жалб қилиш учун қизиқарли ва жозибали шакл-услублар қўллайдилар. Бола ўйинга қўшилмоқчи бўлса, аввал ижтимоий тармоқдаги гуруҳларга кириши керак. Бунинг учун мактаб ёшида бўлиш шарти белгиланганлиги ҳам бежиз эмас. Гуруҳда ҳаёт оғир, яшаш қийин, тириклик қадрсиз, яқинлар аҳамиятсиз, яхшиларга яхшилик – нодонлик, ватан – қуруқ тушунча каби ғаразли ғоялар сингдирилган суҳбатлар олиб борилади. Шу ғояларни ўз аҳду паймони, уларни қўллаб-қувватлашни ҳаётий мақсади деб билиш даражасига етганларгагина ўйинга қўшилиш "имкони" берилади.
Гуруҳ суҳбатлари ва видеоўйинлардаги писсимистик руҳ сингиган, мавҳумлик оламига тушиб қолган бола аста-аста ҳаётни ортиқча, деб била бошлайди, яшагиси келмай қолади. Гуруҳ етакчилари ўз аъзоларига бошқалардан фарқланишни, аммо буни ҳеч кимга сездирмасликни буюришади. Шундай феъл-атвор андозаси сифатида "Китлар уйи" ўйини қаҳрамонлари ҳамда уларнинг "Тинч уй" деб номлаб олишган ерларида ўзларини тутишлари ҳавола қилинади.
Аъзоларга турли топшириқлар берилади. Бажармаганлар ўйиндан чиқарилади. Қолганлар кейинги – тобора мураккаблашиб борадиган босқичга ўтади. Шу тариқа 50 кун давомида турли хилдаги буйруқлар, яъни олмос, пичоқ ва бошқа кесувчи воситалар билан ўз қўлига китнинг тасвирини ўйиб чизиш ва шу ҳаракатларни расм ҳамда видеода акс эттириб, жўнатиб юбориш сўралади. Сўнгра ҳаракатдаги поезд, машиналар йўлини югуриб кесиб ўтиш, юқори қаватдан ташлаш, томирини кесиш, ўзини осиш каби топшириқлар юкланади. Агар ўйинчи ўзини ўлдиришдан бош тортса, яқинлари ва ота-онасини ўлдириб кетиш билан қурқитилади. Ақлий ва ҳиссий карахтликка ботган ўсмир бунга қатъий ишонади, ўйиндаги "шарт"ни бажаришга мажбурман, деган қарорга келади.
Кўриниб турибдики, барча касалликлар, жумладан, руҳий-асаб хасталикларининг олдини олиш ёт ғоя, зарарли одатлар тарғиб этилган тасвирий маҳсулотлардан ҳимоялашни ҳам тақозо қилади. Ота-оналарни шу мақсадда ҳушёрликка чақирамиз. Боланинг бемақсад ва назоратсиз равишда соатлаб телефон билан шуғулланиши организмигина эмас, унинг ақлий-ҳиссий тизимини фалажлаб, руҳан бошқа жонзотга айлантириб қўяди.
Ўткиржон ШАРИПОВ,
вилоят руҳий-асаб касалликлар
шифохонаси олий тоифали
врач-психиатри.