Маълумки, қизамиқ тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардаси, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши орқали белги беради. Касаллик қўзғатувчиси вирус ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда, тупургининг майда томчилари ҳавога тушади, кейин нафас йўллари орқали соғлом бола организмига ўтади. Касалликнинг яширин даври – 6-18 кунгача давом этиши мумкин.

Бу касалликнинг бошланғич даврида боланинг дармони қуриб, инжиқ бўлиб қолади. Иштаҳаси йўқолиб, тез-тез ичи кетади. Катта ёшли болаларда бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи кузатилади. Тошма тошиш даврида бемор қайта иситмаламайди, томоғи қизаради. 4-6 кунга келиб ўзига хос қизил, йирик доғ тошмалар тошиб, бир неча соатда бутун юзга ёйилади. Тошма иккинчи куни баданга, 3-куни қўл-оёққа тарқалади. Қизамиқда тери нам бўлиб, бироз қичишади. 3-4 кундан сўнг соғайиш даври бошланади. Юздаги тошмалар қораяди ва жигарранг доғларга айланади.

Қизамиқ билан оғриган болалар уйда, оғирроқ ҳолларда, асорат билан кечганида касалхонада даволанади. Асосий аҳамият комплекс даволаш чора-тадбирларига қаратилади. Санитария-гигиена шароитларини яхшилаш, бемор бўлган хонанинг ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш ва тўла-тўкис овқатланишига эътибор бериш зарур.

Икки ёшгача бўлган, шунингдек, ёш, нимжон болалар учун касаллик, айниқса, хавфли. 30 ёшдан ошган катталарда ҳам қизамиқ одатда оғир кечади. Шунингдек, тўйиб овқатланмайдиган ёш болалар, айниқса А витамини етишмайдиган ёки иммунитети паст болаларда асоратлари кўпроқ кузатилади. Шу сабабдан, уларни қизамиқдан жуда эҳтиёт қилиш керак. Ўн икки ойликдан бошлаб қизамиқ, қизилчага қарши эмлаш муҳим аҳамиятга эга. Бемор тузалгач, бир умрга организмида касалликка қарши иммунитет қолади. Касалликка юзаки қараб, даво чоралари кўрилмаса, зотилжам (ўпка яллиғланиши), томоқнинг шиши, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), ичак касалликлари каби асоратлар қолади.

Қизамиқ вирусига қарши махсус препарат мавжуд эмас. Даволаш қизамиқ аломатларини камайтириш ва асоратларининг олдини олишга қаратилган бўлади.

Бу касалликни махсус даволаш усули ҳам ишлаб чиқилмаган. Фақатгина бактериал инфекцияли қулоқ касалликларида ва зотилжам касаллигида антибиотиклар тавсия этилади. Қизамиқ касаллиги балан оғриган болалар тўлиқ ва яхши ов­қатланиши ҳамда деария (ичкетиш) кузатилганда, гидратацион даво муолажаларини олишлари керак. Даво муолажаларига витамин А қўшиш билан касалликнинг оғир асоратларининг олдини олиш мумкин. Даво муолажалари вақтида 24 соат оралиғида 2 доза витамин А қўлланилиши болалар ўлимини 50 фоиз камайтиради.

Касалликнинг олдини олишда энг яхши восита – профилактик эмлаш ҳисобланади. Аввало, касалликнинг олдини олиш учун беморни соғлом болалардан ажратиб қўйиш зарур.

Қизамиқка қарши эмлаш муҳим аҳамиятга эга. 1967 йилдан бошлаб республикада қизамиққа қарши ёппасига эмлаш жорий этилган. Қизамиққа қарши вакцина 50 йилдан ортиқ вақтдан буён ўзини оқлаб келмоқда.

Юртимизда аҳоли ўртасида қизамиқ ва қизилча касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида 1 ёшли ва 6 ёшдаги болалар эмлаш календарига асосан эмланади.

Умида ЭШОНХЎЖАЕВА,

Наманган вилоят санитария-эпидемиологик

осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси иммунопрофилактика

бўлими врач-эпидемиологи.