Ихтиоз

Ихтиоз юнонча ichthys, яъни – балиқ деган маънони билдиради. Мазкур хасталикнинг тахминан 40 тури мавжуд, аммо барчасининг хусусияти бир: терида тангачалар шаклланади, қурийди, қалинлашади, пўст ташлайди, балиқ тангачаси каби қалин мугуз қатламлар ҳосил бўлади. Келиб чиқиш сабаблари турлича. Ота ёки она ихтиозга чалинган бўлса, бу – фарзандларни шу хас­таликка йўлиқтириши мумкин бўлган биринчи хавфдир. Шунингдек, ихтиоз яқин қариндошлар никоҳидан туғилган болаларда пайдо бўлишининг ҳам эҳтимоли катта.

Ихтиоз белгилари илк болалик давридаёқ кўзга ташланади, балоғат даврида тўла аёнлашади ва умрбод давом этади. Касаллик генларнинг "парчаланиши" оқибатида юзага келади, бунинг натижасида тери ҳужайраларида дағалланиш жараёни бузилади. Шунингдек, баъзи органлар ва тизимлар зарарланиб, кўриш, эшитиш, таянч-ҳаракат тизими, жисмоний ҳамда руҳий ривожланиш секинлашиши сингари нохуш ҳолатлар кузатилади.

Патологик жараён қўл ва оёқларнинг букилувчи қисмлари, бел, қорин териси ҳаддан ортиқ қуруқлашуви, қалинлашуви, пўст ташлаши билан кечади. Сочлар ингичкалашади, тирноқлар қалин тортади, тер ва ёғ безлари фаолияти бузилади.

Касаллик енгил кечса, беморнинг умумий аҳволи деярли ўзгармайди, оғирроқ хилида эса пиодермия, отит, пневмония ва бошқалар ривожланади.

Умумий амалиёт шифокори касалликни ташхислайди ва беморни ихтисослашган дерматовенеролог маслаҳатига юборади.

Ихтиоз касалликлари муолажаси дерматовенеролог томонидан олиб борилади. Мутахассис беморнинг ҳолатига қараб витаминотерапия, микроэлементлар, неотигазон каби замонавий препаратлар, қатъий парҳез воситасида амалга ошириладиган даво чораларини белгилайди. Айни пайтда ихтиознинг қайталашига сабаб бўлувчи модда алмашинуви, руҳиятдаги оғирлик, организмдаги инфекция ўчоқлари, эн­докринопатия, меъда-ичак касалликлари каби омилларни мазкур соҳалар мутахассислари билан ҳамкорликда бартараф этиш ишлари амалга оширилади.

Носиржон СОБИРОВ,

Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва

косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали

микология бўлими  мудири,

олий тоифали врач.