Гельминтозлар одамнинг амалда ҳамма органлари ва тўқималарига жойлашиб олиб ҳаёт кечиради. Аҳолининг гижжа билан касалланиш даражасини аниқлаш мақсадида ҳар йили мамлакат аҳолисининг 35-40 фоизи қамраб олинади, тиббий таҳлилий ўрганишлар ўтказилади. Натижалар эса уларнинг 3,0-3,1 фоизи гижжа касалликлари юқтириб олганлигини кўрсатаётир. Уларнинг 90 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда. Асосан, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда таълим-тарбия олаётган фарзандларимизнинг ичак гельминтозлари (энтеробиоз, гименолепидоз) билан зарарланиш кўрсаткичи 95-96 фоизга етиб бормоқда.
Қўчқор ота оилавий шифокорлик пунктида болалар ўртасида гижжа касалликлари олдини олиш юзасидан семинар бўлиб ўтди. Унда давлат томонидан бепул тарқатилаётган "Вермокс" таблеткасининг хусусиятлари ва кимларга берилиши ҳақида тушунчалар берилди. Ушбу таблетка асосан гижжаси бор болаларга, улар билан мулоқотда бўлган болалар ва катталарга тавсия этилади. 2 ёшгача бўлган болаларга, ҳомиладор, эмизикли аёлларга, сурункали жигар, ичак касалликларига, аллергик дарди борларга мумкин эмас. Ушбу дори воситаси қорин тўқ ҳолатда қабул қилинади. Бу профилактика мақсадида фақат бир кун берилади. Болаларга 250 мг, катталарга 500 мг тавсия этилади. Бу профилактик тадбир дегельментизация тадбири деб айтилади.
Ҳар йили ўтказиб келинаётган бу каби тадбирлар шуни кўрсатмоқдаки, даволаш ишлари ўтказилгандан сўнг болалар ўртасида касалланиш даражаси 3-4 мартага камайишига эришилмоқда. Болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳамда уларнинг жисмонан бақувват ва ақлан етук бўлиб ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётир.
Матлуба ТЎЛАНОВА,
Учқўрғон тумани
СЭО ва ЖСБ врачи.