Кўпчилигимиз ёш болаларда сут, тухум, балиқ, парранда гўшти, цитрус мевалар ва бошқа таомларга нисбатан аллергия бўлиши ҳақида эшитганмиз.

Хўш, нега болаларда аллергик ҳолатлар кузатилади? Озиқ-овқат аллергиясига асосан 5 ёшгача бўлган гўдаклар чалинади, 6 ёш ва ундан катталарда бу ҳолат жуда кам учрайди.

Одатда, аллергиянинг ушбу туридан кўпроқ эмизикли гўдаклар азият чекишади. Аллергиянинг асл сабаби – иммунитетнинг генетик даражада бузилиши ҳисобланиб, у насл суради ёки фавқулодда пайдо бўлади.

Болалардаги касаллик ривожланишига кўпинча онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабаб бўлади. Айтайлик, аёл ҳомиладорлик пайтида ҳаддан зиёд кўп тухум истеъмол қилса, орадан маълум вақт ўтиб, болада айнан шу маҳсулотга нисбатан аллергия пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Бундан ташқари, чақалоқнинг кўкрак сути ўрнига сунъий аралашмалар билан озиқлантирилиши ёки гўдакнинг чала туғилиши, ошқозон-ичак тизими, ўт йўллари ёки жигар хасталиклари озиқ-овқат аллергиясини келтириб чиқарувчи омиллар сирасидан.

Қолаверса, сигир сути – аллерген маҳсулот. Таркибида 40 дан ортиқ оқсил гуруҳлари бўлиб, асосий қисми казеинлар ва зардоб оқсилларидан иборат. Унда аллергия чақирувчи аллергенлар бўлиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2-3 фоиз эмизикли болаларда аллергия учрайди. Ўғил-қизлар 5 ёшга киргач, уларнинг 80 фоизида мазкур ҳолат йўқолади. Олти ёшга келиб эса ҳар 100 нафар боладан 1 нафаридагина сигир сутига нисбатан аллергия кузатилиши мумкин.

Катталар ҳам баъзан бу турдаги аллергиядан азият чекади. Мисол учун, айрим кишиларда таомларга ҳид, ранг ва таъм бағишлаш мақсадида солинадиган қўшимчалар, хусусан, сариқ-тилларанг кўриниш берадиган тартразин аллергик реакция пайдо қилади. Натрий нитрат, натрий глютамат ва салицилатларни ҳам шулар сирасига киритиш мумкин.

Озиқ-овқат аллергиясининг хатарли томони шундаки, аллергеннинг оз миқдори ҳам инсон ҳаётига хавф туғдириши, анафилактик шок ҳолатини келтириб чиқариши мумкин.

Манзура ҲОЖИМАТОВА,

вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт

маркази аллергология бўлими мудири.