Албатта, Маҳмудахонга ўхшаб бош оғриғига дучор бўлганлар орамизда учраб туришади. Шуни ҳисобга олиб, биз марказнинг мутахассиси Улуғбек Ғаффоровга мурожаат этиб, тиббий ускуна ёрдамида беморнинг бошидаги салбий ўзгаришлар қандай аниқланишини шарҳлаб беришни сўрадик.

- Аввало ЭЭГ нима эканлигини яхши билиб олиш керак, - дея сўз бошлади у. - Одамнинг бош мия ҳужайралари доимо электрик импульслар ишлаб чиқаради ва уни бир-бирига ўтказиб туради. Бу жараённинг қандай кечиши шифокорга жуда кўп маълумот беради. Энг аҳамиятлиси - буни ЭЭГ ускунаси ёрдамида ёзиб олиш мумкин. Бош мия текширувида унинг функционал ва потологик фаоллиги даражаси аниқланади. Ускунамиз бошимиздаги қон-томир касалликларидан дарак беради. Чунки у ўта сезувчан махсус дастур билан таъминланган компьютерга уланган. Йилига 2000 дан ортиқ дардманд хизматимиздан фойдаланишмоқда.

Текширувда беморнинг бошига махсус шлем кийгизилади, махсус электродлар ўрнатилади. Бош миянинг тегишли соҳаларида биоэлектрик оқимлар компьютерга йўналтирилади. Махсус дастур кўмагида ёзиб олиниб, таҳлил қилинади, мутахассис хулоса ясайди.

ЭЭГ текшируви зарарсиз. Шунинг учун шифокор кўрсатмаси билан бир неча бор ўтказиш ҳам мумкин. Бунда аввалги хулосалар аҳамиятлидир. Касаллик сабабларини турли даражаларда тавсифлашга аниқлик киритади. Ҳамиша касалликни барвақт аниқлаш, даволаш самарадорлигини оширади. ЭЭГ текширувларидан ўтиб туриш фойдали эканлигини асло ёддан чиқармаслик лозим.

Демак, бош оғриғига сира-сира бепарво қарамаслик зарур. Бош мияда салбий ўзгариш сездингизми, бугунни эртага қўймай ЭЭГ текширувига шошилинг. Бу билан саломатлигингиз вақтида тикланиши имкониятини яратган бўласиз.

Михаил ПУЗАНОВ.

Суратда: ЭЭГ мутахассиси Улуғбек Ғаффоров, ҳамшира Муҳаббат Исоқова билан беморни текширувдан ўтказяпти.