https://логопед45.рф/wp-content/uploads/2018/06/RDA-272x182.jpg

Унинг белгиларини аксарият ота-оналар ўз вақтида пайқашмайди.

Таҳлилларга кўра, сўнг­ги йилларда дунё бўйича таҳминан ҳар 50 нафар боладан бирига аутизм ташхиси қўйилмоқда. Бу, ўтган 10 йилга яқин вақт ичида кўрсаткичлар қарийб тўрт баробар ошганини тасдиқлайди.

Хўш, аутизм қандай касаллик? Унинг белгилари нималарда намоён бўлади? Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, профессор Шоанвар ШОМАНСУРОВ маълумот берди:

– Аутизм – руҳият билан боғлиқ ҳолат. У мия фаолиятига бевосита таъсир қилувчи неврологик бузилишлар оқибатида келиб чиқади.

Ташхис қўйилган жажжи беморлар ташқи олам, атрофдагилар билан мулоқот қилишни истамайди. Ёлғизликни хуш кўради. Бир хил хатти-ҳаракат ва сўзларни такрорлайди.

Аутизмга чалинган бола ўз оламида яшайди. Фикрлаши бошқаларникига ўхшамайди. Уларнинг хатти-ҳаракатларида ҳиссий кечинмалар асосий ўрин тутади.

Касаллик кўп ҳолларда 3 ёшгача бўлган болаларда пайдо бўлади. Аммо унинг илк белгиларини аксарият ота-оналар ўз вақтида пайқай олмайди. Яққолроқ аломатлар эса 2-3 ёшли беморларда кўзга ташланиши эҳтимоли юқори.

Аутизмнинг илк бос­қичларида бола ота-онанинг айрим ҳаракатларига жавоб қайтармайди. Масалан, уни исми билан чақирганингизда қарамайди. Атрофдаги одамлар, қариндош-уруғлар, уларнинг фарзандлари билан дўстона ва илиқ муносабатлар ўрната олмайди.

Касалликка хос асосий симптомлардан яна бири бемор болаларнинг ўзгалар кўзларига тик қарай олмаслигидир. Бу каби вазиятларда улар нигоҳларини олиб қочишга ҳаракат қилишади.

Қолаверса, бундай бемор болалар баъзида гапларни эшитмайди, у ёки бу ўйинчоқ билан қандай ўйнашни билмайди, бошқаларга жилмаймайди. Гўдак 12 ойлик бўлса-да индамайди, атрофга қизиқиб боқмайди, 2 ёшида ҳам гапира олмайди. Уйқу бузилишлари, тажовузкорликка мойиллик ва қўрқув ҳам аутизм белгилари бўлиши мумкин.

Хасталикка чалинган болаларга тиббий амалиётда тахминан 4 ёшлигида аниқ ташхис қўйилади. Лекин бу анча кеч муддат. Ваҳоланки, бундай беморларда 18-24 ойлигидаёқ тегишли муолажалар бошланса, уларнинг соғлом ҳаётга қайтиши осон кечади.

Ҳозирги кунда аутизм билан касалланган болаларга ижтимоий мослашув муассасаларида тиббий, педагогик, психологик ва реабилитацион ёрдам кўрсатилади.