Грипп – хавфли юқумли касаллик, у ўткир ва одатда нафас олиш тизимига таъсир қилади ва юқори ҳарорат, бурун оқиши, кўз ёшланиши, бошдаги оғриқ, мушаклар оғриғи, кўнгил айниши, қусиш белгилари билан намоён бўлади.

Бугунги кунда грипп вирусининг 2 мингдан ортиқ варианти маълум ва барчаси учта гуруҳга бўлинади. Одамлар учун А ва Б кичик тип вируслари хатарлидир.

Гриппга қарши вакцинанинг таъсир қилиш механизми иммун тизимининг ишлаши билан чамбарчасдир. Вакцина самарадорлиги инсон иммунитети қанчалик яхши-ёмонлигига боғлиқ. Вакцинация касалликка олиб келмасдан, организмга инфекциянинг кириб боришини моделлаштиради. Шунга қарамай, вакцина иммунитет тизимини Т-лимфоцитлар ва грипп вирусларидан ўзига хос ҳимоялашни таъминлайдиган антикорларни ишлаб чиқаришга мажбур қилади. Бунинг ёрдамида вирус грипп вирусини қайта юқтирганида организм инфекцияни дарҳол йўқ қилишга тайёр бўлади.

Вакциналар – бирор касалликка қарши иммунитетни яратиш учун мўлжалланган профилактик дори. Вакциналар дориларнинг алоҳида тои­фасини билдиради, уларни тайёрлашда махсус иммунобиологик усуллар қўлланилади. Грипп вирусидан тўсиш доирасидаги вакциналар энг самарали профилактика усулидир. Мазкур хасталикнинг жамиятда тез тарқалиши ва организм­га жойлашган вирусга қарши саъй-ҳаракатларнинг мураккаблиги ҳисобга олинса, эмлашнинг аҳамияти ортади. Вакцинанинг жамики олдини олиш усулларидан устунлиги шундаки, у организмга кирса ҳам, вируснинг маълум штаммларидан ҳимоя қилади. Қолаверса, гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни ювиш ва гриппга чалинганлар билан муносабат ўрнатмаслик орқали вируснинг орга­низмга ҳужумини "кесиш" ҳам муҳимдир.

Гриппга қарши вакциналар ҳар қандай ёшдаги, ҳам болалар, ҳам катталар томонидан ишлатилиши мумкин. Вакциналардан фойдаланиш ҳақиқатан ҳам ножўя таъсирларнинг ривожланишига олиб келиши мумкин, аммо тиббий техника кўмаги билан жараён пасаяди. Вакцина сифати ва озуқанинг тозаланиш даражаси ҳам рол ўйнайди. Умуман олганда, эмлашнинг фойдалари потенциал зарардан анча баланд.

Ҳар кимга эмлаш тавсия этилади ва ихтиёрийдир, лекин айниқса:

* Болалар (олти ойдан кейин) ва қариялар, чунки грипп уларга хавфлидир.

* Ўқувчилар ва талабалар, улар жуда кўпчилик билан алоқада бўлганликлари учун.

* Доимо одамлар билан ишлашга мажбур бўлган катталар: тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, сотувчилар ва ҳоказо.

* Сурункали касалликларга чалинганлар, бои­си грипп бошқа хасталиклар билан тўқнашганда салбий оқибатларга етаклайди.

ЖССТ ҳомиладор аёлларга эмлашни буюрмайди. Ахир, грипп эмлашлардан фарқли ўлароқ, ҳомилага зарар етказиши мумкин.

Вакцинадан мақсад организмга шу касалликни озгина дозада юбориб, уни таниб олиши ва қайта тушганида фаол курашишдир. Демак, вакцина қабул қилганда енгил грипп аломатлари кузатилади. Тўғриси, вакцинанинг зиён жиҳатлари ҳам аён ва уни аввалдан аниқлаш иложсиз. Вакцина ёқмаган ва иммунитети суст болалар аллергия ёки грипп билан безовталаниши мумкин.

Ҳар қайси организм ҳар хил ва ташхиси индивидуалдир. Болалар масаласига қисқача тўхталсак, вакцина соғлом, шамоллаши йўқ ўғил-қизларгагина мумкин. Вакцина олгач, жажжи фарзандларни имкон қадар 5-6 кунгача эҳтиётлаш зарур, хусусан, совуқ сувдан ва муздек ичимликлардан. Агар иситма кўтарилса, "Парацетомол" ёки "Ибуфен" ичирилсин. Вазият жиддийлашса, дарров оилавий врачларга мурожаат этиш ва болалар шифохонасига учраш даркор.

Санжарбек АБДУРАҲМОНОВ,

РШТЁИМ Наманган филиали болалар анестезиология-реаниматология бўлими врач ординатори.