Ўлкамизга куз фасли ташриф буюриб, ҳаво ҳарорати секин-аста пастлай бошлади. Бу эса инсон саломатлигига таъсир қилувчи, шамоллаш, тумов, грипп каби касалликларга чалиниш учун ўта қулай, хавфли давр ҳисобланади. Хўш, куз, қиш мавсумларида юқоридаги касалликларга чалинмаслик учун нима қилмоғимиз зарур? Айниқса, грипп ҳақида нималарни билишимиз керак?
Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан бемор ён-атрофдагиларга 3-5 кун давомида хавфли ҳисобланади. Грипп юқтириб олганларнинг 8.4 фоизи 6-7 кунгача, 9.4 фоизи 8-10 кунгача, 6.6 фоизии 10 кундан кўпроқ вирус тарқатиб юриши мумкин. Барча эпидемиологик тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, асосий хавф беморларнинг дастлабки касалланган кунидан бошланар экан.
Гриппни белгиларсиз, енгил шакли билан хасталанганлар ўзларини анча енгил ҳис қилганлиги сабабли фаол ҳаёт тарзини давом эттиради ва натижада иш жойида, кўча, хонадонда касалликнинг кенг тарқалишига сабабчи бўлади.
У билан касаллангандан сўнг одамда иммунитет сақланади. Вирус одамга 1 марта тушганда иммунитет 1-1.5 йилга, 2 марта тушганда иммунитет 3-4 йилга, 3 ва 4 марта тушганда умрбод иммунитет ҳосил бўлишига олиб келади.
Грипп вируслари фаоллиги паст, эпидемия кузатилмаган даврда бошқа нафас йўллари вируслари: риновирус, респиратор-синцитиал вирус, аденовирус ва парагрипп вируслари юқиши натижасида гриппга ўхшаш касалликлар ҳам кузатилиши мумкин.
Бу касаликка чалинмаслик учун қуйидагиларга риоя этиш керак:
– касал одам билан яқиндан мулоқат қилишдан сақланинг;
– агар ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, тезда шифокордан маслаҳат олинг, кўчага, жамоат жойига чиқманг, ишга борманг;
– агар грипп бўлсангиз, иложи борича алоҳида хонада даволанишга эътибор қаратинг, оила аъзолари билан мулоқат қилишдан сақланинг;
– аксириш ва йўталаётганда оғзингиз ва бурнингизни, албатта, рўмолча билан ёпинг;
– қўлларингизни иложи борича тез-тез совун билан ювинг;
– грипп билан оғриган беморлар тана ҳарорати кўтарилган тақдирда шифокорни уйига чақириши зарур;
– агар бемор уй шароитида даволанса, унга алоҳида хона, идиш, сочиқ, ўрин-кўрпа ажратиш;
– беморга қараётган шахс бурун ва оғизларини ниқоб билан тўсиши, қўлларини иссиқ сувда совунлаб ювиши керак;
– бемор ётган хоналар тез-тез шамоллатиб, намли тозалов ишларини амалга ошириши шарт;
– қиш мавсумида хонадонларда меъёрий ҳароратни ташкил қилиш лозим;
– беморлар кўпроқ суюқлик -қуруқ мевалар қайнатмаси, мева шарбатларини ичиши, осон ҳазм бўладиган, оқсил ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиши тавсия этилади;
– гриппнинг олдини оладиган ва оғир асоратлардан сақлайдиган энг самарали усул бу – мавсум олдидан гриппга қарши профилактик эмланишдир.
Ўзбошимчалик билан даволаниш касалликнинг оғир асоратларга олиб келишини унутмаслик керак.
Гриппга чалинмаслик учун танани чиниқтириш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, очиқ ҳавода юриш, ўз вақтида овқатланиш алоҳида аҳамиятга эга. Кўпроқ совуқ кунларда иссиқ кийиниш, албатта бош кийим кийиш, оёқларни иссиқ тутиш муҳимдир. Касаллик авж олган пайтда (декабрь, январь, февраль) ойларида, нафақат эпидемик жиҳатдан муҳим бўлган корхоналар ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларига, балки барча фуқароларимизга ниқоб тақиш тавсия этилади.
Ботиржон АБДУЛЛАЕВ,
вилоят санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги
бошқармасининг эпидемиология
бўлими мудири.
(Мақола бошқарманинг ОАВлар ва жамоатчилик
билан ишлаш бўлими томонидан тайёрланди).