"Операциянингҳар бир босқичи жарроҳнинг назоратида бўлиши керак".

                                                                                                            Гарвей КУШИНГ.

                                                                                              1912 йил.

Дунёда кўпчилик нейрожарроҳлар транссфеноидал амалиётда асосан микрохирургик усуллардан фойдаланадилар. Бу, албатта, операцион микроскопдан фойдаланишни тақозо этади. Аммо микроскопик транссфеноидал хирургик усулни қўллашда иккита мураккабликка дуч келинади. Биринчиси, зарур бўлган барча шаклдаги тиббий асбобларни ишлатиш имкони бўлмай қолиши. Иккинчиси, узун ва тор хирургик коридор орқали операция майдонини кўришнинг қийинлиги.

Машҳур жарроҳ Гарвей Кушинг 100 йил аввал такидлаган эди: "Нейрохирург операция майдонини тўла ва аниқ кўриши, жараён тўғридан-тўғри визуал назоратида бўлиши, эркин ҳаракатланиш имконияти унинг учун ҳаёт-мамот масаласидир".

Транссфеноидал хирургик усулни илк бор 1907 йилда Австрияда доктор Херман Шлоффер томонидан гипофиз бези ўсмасини олиш операциясида қўлланилган. У калла асосига операцион коридор очиш мақсадида аввал бурун терисини кесган. Кейин ташқи ринотомия, бурун тўсиғи, бурун чиғаноқлари ҳамда иккала кўз орбитасининг ички деворларини олиб ташлаган.

Х.Шлоффер бундай катта операцияни махсус тиббий жиҳозлар, етарли ёруғликсиз қандай қилганини бугун тасаввур этиш қийин. 1910 йилда АҚШда Гарвей Кушинг транссфеноидал хирургияда, биринчилардан бўлиб, кам травматик "Сублабиал усул"ни 231 нафар бемор операциясида қўллади. Жараёндан кейинги ўлим кўрсаткичи 5,6 фоизни ташкил этган бўлсада, бу усулдан ўзи қониқмаган ва гипофиз ўсмаларида субфронтал операция ўтказиш усулини танлаган.

1963 йилда парижлик Жерард Жует биринчи бўлиб эндоскоп ёрдамида "Турк эгари"да жойлашган гипофиз бези ўсмасини олиш учун микрохирургик усулда операция ўтказган. У эндоскоп билан бирга ташқи нур берувчи кварцли ускунадан фойдаланган. Бу ускуна нурни бир йўналишда йиғиб бериб, операция майдонини яхши ёритган. Ж. Жует эндоскоп ҳақида биринчи бўлиб маълумот берганидан ке­йинги 20 йил ичида бу ускуна қўлланишига оид хабар тарқатилмаган.

1974-1981 йиллардагина Германияда Варнер Протт ва Фолк Оппель эндоскоп ёрдамида калла асоси патологияларида операция ўтказганлари маълум. 1978 йилда япониялик Еаканори Фикушима умуртқа нейрохирургиясини, катта цистернани, калла орқа чуқурчасини нейроэндоскоп ёрдамида тасвирлаб берган. 1993 йилда Германиянинг Виесбаден шаҳрида "Мин­инвазив ва эндоскопик хирургия" бўйича биринчи халқаро конгресс бўлиб ўтди. Унда Австри­янинг Вена шаҳридан Андре Гротениус, Энгелберг Кнопс, Япониянинг Осака шаҳридан Мамору Танеда ўз маърузаларида миниинвазив нейрохирургия соҳасида нейроэндоскопик операцияларни амалга ошириш бўйича яратилган тажрибалар, изланиш истиқболларини ёритиб бердилар.

Ўзбекистонда нейроэндоскопик операциялар биринчи бўлиб Республика нейрохирургия илмий марказида профессор Ғайрат Маратович Қориев бошчилигида ва Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази нейрохирургия бўлимида тиббиёт фанлари доктори Равшан Баҳодирович Файзуллаев томонидан амалга оширилган.

Ҳозирги кунда нейроэндоскопик операцияларни амалга ошириш дунё бўйича ривожланиб бормокда. РШТЁИМ Наманган филиалига ҳам 2018 йилда Япониянинг "Ривожланаётган мамлакатларда ижтимоий соҳани ривжлантириш учун кичик грантлар" лойиҳаси ғолиблиги учун ажратилган 110 минг АҚШ доллари эвазига Германияда ишлаб чиқарилган "Нейроэндоскоп" аппарати олиб келинди. Айни пайтда филиал нейрохирургларининг республика ва хориждаги тиббий марказларда малака оширишлари таъминланди. Ана шу аппарат ёрдамида гипофиз бези ўсмалари (микро ва макроаденомалар), калла асоси ўсмалари, краниофарингиомалар, мия қоринчаси ўсмалари ва мия қоринчасига қон қуйилишлар, мия қоринчалари гидроцефалия­лари миниинвазив операциялари жаҳон стандартлари асосида амалга оширилмокда.

Сайдулло ШАРИФБОЕВ,

РШТЁИМ Наманган

филиали нейрохирург

шифокори.