https://timedia.tierient.com/timg/f2ffed4abaed296a.jpg

Нега одамга касаллик юқади? Ахир, мамлакатимизда юқумли касалликларнинг кириб келиши натижасида аҳолига юқишининг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилиб, соҳа мутахассислари томонидан мунтазам равишда тарғибот ишлари олиб борилаётган бўлса?! Бунга қисқа ва лўнда жавоб ўзимизнинг бефарқлигимиз деб ўйлайман.

Хўш, юқоридаги салбий ҳолатларга йўл қўймаслик учун нима қилмоқ керак? Энг аввало, тиббиёт муассасалари, ишхона, жамоат жойларида гигиена талабларига тўлиқ риоя этиш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Қолаверса, болаларимизни юқумли касалликларга қарши эмлаш жадвалига биноан вакцинацияни белгиланган муддатда, самарали амалга оширилиши таъминланиши зарур.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари мутахассислари бу борада ўтган даврдаги фаолиятини батафсил таҳлил қилиб, ана шундай якдил қарорга келди. ОАВлари билан ҳамкорликда тарғибот ишларини янада кучайтиришга келишиб олди.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистонда ҳар йили 16 ёшгача бўлган болаларда миллий эмлаш календарига мувофиқ, дифтерия, шол, кўкйўтал, қоқшол, вирусли гепатит В, одам папиллома вируси, зотилжам қизилча, сил ва ротавирусли инфекция каби 13 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликлар қатори қизамиққа қарши вакцинация тадбирлари ўтказилади. Хусусан, ушбу хасталик бўйича вилоятимизда эпидемиологик ва лаборатор назорат мунтазам олиб борилмоқда.

Қизамиқ юқиш даражаси юқори бўлган ва оғир кечадиган вирусли касаллик бўлиб, дунёда чақалоқлар ўлимига сабаб бўлаётир. Хасталикнинг яширин даври 21 кунгача. У иситма кўтарилиши, йўтал, кўз қизариши, шиллиқ қаватларнинг яллиғланиши каби асосий белгилар билан намоён бўлади. Болада ҳолсизлик, кўз қизариб ёшланиши кузатилиб, инжиқланади.

Қизамиқ касалланган одамнинг йўталиши, акса уриши орқали ҳаво томчи йўли билан юқади. У одамлар гавжум жойларда (болалар боғчалари, мактаблар, тиббиёт муассасаларида) тез тарқалади. Касаллик вируси ҳавода ва атроф-муҳитда 2 соатгача юқувчанлигини сақлаб қолади. Хасталик 2 ёшгача бўлган, шунингдек, ёш, нимжон болалар учун айниқса хавфли.

Қизамиқ вирусининг ўзи келтириб чиқарган ёки иккиламчи бактерия туфайли пайдо бўлган зотилжам касаллиги энг кўп кузатиладиган асорат ҳисобланиб, кўпинча хасталикнинг оғир мусибат билан тугашига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис мутахассислар унинг олдини олишда энг самарали усул сифатида эмланишни тавсия этади. Қизамиққа қарши вакциналарнинг самарадорлиги жуда юқори. Касаликка қарши 1 ёш ва 6 ёшда 2 марталик эмланиш кўрсаткичи 90-95 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистонда қўлланишга тасдиқланган барча вакциналар самарали ва хавфсиздир. Фақат камдан-кам ҳоллардагина малҳам юборилган жойда оғриқ, сезгирликнинг ошиши каби енгил холатлар кузатилиши мумкин. Агар болада шундай белгилар намоён бўлса, дарҳол оилавий шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

Муҳаммадсоли ТЎРАБЕКОВ,

вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи.