симптомы контактного дерматита

Дерматит – терининг ўткир яллиғланиши билан кечадиган касаллик. Унинг келиб чиқишига қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Биринчиси, ҳаво ҳарорати ўзгариши, қуёш, рентген нурлари, радиоактив нурлар, электр токи таъсири каби физик омиллар. Иккинчиси, кислоталар, ишқорлар, органик эритувчилар, химикатлар, буёқлар, лаклар, металларнинг баъзи турлари ва бошқа моддалардан иборат кимёвий унсурлар. Учинчиси, биологик, яъни айрим ҳайвонлар, ўсимликлар, ҳашаротларнинг дахли. Тўртинчиси эса механик омиллар бўлиб, босилиш, эзилиш, иш­қа­ланиш (тор, нотабиий матоли кийим, тор пойабзал, нотўғри қўйилган гипс ва бошқалар) натижасида пайдо бўлади. Гўдакларда дерматит, кўп ҳолларда, таглик сифатида плёнкалардан фойдаланиш оқибатида юз бермоқда.

Дерматитнинг алоҳида турига токсикодермиялар киради. Улар организмга овқат, нафас орқали ўткир таъсирли моддалар тушганда ҳамда мушак орасига, тери остига, венага дори препаратлари юборилганда пайдо бўлади. Муайян моддаларга ўта сезувчанлик тери яллиғланишига олиб келади. Дерматит, ташқи таъсирнинг кучи ва хусусиятига қараб, ўткир ва сурункали турга ажралади. Ўткир дерматит – эритемалар, шишлар, инфильтрация, пуфакча ва пуфаклар ёки тўқималарнинг некрози, кейинчалик яра, чандиқ ва атрофиялар билан кечади.

Сурункали дерматитларга эса яхши ривожланмаган гиперемия, инфильтрация, лихенификация ва гиперкератоз киради.

Касалликнинг клиникаси асосан организмнинг ўзига хос (индивидуал) хусусиятларига, ҳимоя реакцияларига боғлиқ. Терининг яллиғланиш касаллиги ҳисобланган дерматитда тери одатда қизаради, чегараси аниқ бўлади ва бир оз шишади, баъзан майда-майда тугунча ва пуфакчалар пайдо бўлади. Кейин улар қипиқланиши, тери шилиниши мумкин. Баъзан эса турли хил катталикдаги пуфаклар ҳосил бўлиб, некротик ўзгаришлар кузатилади. Бемор танасининг қизиб кетиши, ачишиш, қичишиш, баъзан оғришидан шикоят қилади. Гоҳо бемор тана ҳарорати кўтарилиб, лоҳасланади, уйқуси ва асаби бузилади.

Дерматит узоқ чўзилганда ўткир яллиғланиш реакцияси йўқолиб, касаллик ўртача инфильтрация, лихенификация, гиперкератоз пайдо бўлиши билан характерланади. Масалан, жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган одамлар қўлида қадоқлар ҳосил бўлади.

Дерматитларни даволаш ва унинг профилактикаси дерматовенеролог назоратида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.

Мазкур касалликка йўлиқмаслик учун, аввало, аллергик омиллардан йироқ бўлиш, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш шарт. Теридаги ҳар қандай доғлар, аллергик ҳолатлар (қизариш, қичишиш ва бошқалар) пайдо бўлганда, албатта, дерматовенеролог шифокорга мурожаат қилиш ва мутахассис белгилаган даво муолажаларини изчил олиш мақсадга мувофиқдир. Самарали даво муолажалари олинмаса, аллергик жараён сурункали ҳолатга ўтади ва узоқ йиллар мобайнида инсонга ҳам руҳий, ҳам иқтисодий зарар келтириши мумкин.

Нурали БОЙМУРЗАЕВ,

Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва

косметология маркази директорининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди.

Абдураззоқ ВАЛИЕВ,

Наманган вилояти тери-таносил касалликлари диспансери бўлим мудири