Машҳур номдаги дорилар деярли барчамизнинг оилавий тиббиёт қутичамиздан топилади. Тез-тез қабул қиламиз ва қўллаймиз. Дори – бу заҳар, заҳар – бу дори, деган гап бежиз эмас. Тана ҳароратининг юқорилаши бизга организм ўзида қаеридадир яллиғланиш (шамоллаш) ҳақида бераётган сигналидир. Сигнални ўчириш маъқул йўл, бироқ яллиғланиш соҳасини аниқлаб, унга тезроқ даво муолажасини бошлаш лозим.

Ҳозирда дорилардан тўғри фойдаланмаслик ёки ўзбошимчалик билан, тартибсиз даволаниш оқибатида турли салбий вазиятлар кўзга ташланмоқда. Ҳар қайси инсон ўзи ёки яқинлари, айниқса, фарзандлари бетоб бўлганда билганича ёки тиббиёт ходими бўлмаган кимнингдир фикри билан даволашга киришади. Сўнгра эса тузатаман деб, аксинча, бир дардни иккита қилишади. Бошқача айтганда, "Қош қўяман деб, кўз чиқаришади".

Масалан, халқимиз ичида таниқли ва доимий ишлатиладиган оммабоп "Парацетомол" дорисига алоҳида тўхталсак. Уни дорихоналардан ёки уйлардан, ҳаттоки инсонлар ёнидан учратиш мумкин. Кимнингдир тана ҳарорати ошса, қаеридир оғриса, дарров "Парацетомол" ичириб қўйишади ва кунига бир неча марта такрорлашади. Бу дори тана ҳароратини тушириши рост, аммо препаратни ҳар куни меъёрсиз ва мунтазам бериш ўрнига иситма нима учун кўтарилаётганини билиш ва муаммони бартараф қилиш зарур.

"Парацетомол" қўлланмасида ҳам 6-12 ёш болалар мисолида кўрсак, (вазни 1 кг. болага 10-15 мг.) 20 кг. бола учун 200-250 мг. 3-4 марта, шу дорига аллергияси йўқларига тавсия этилган. Таблетка ишлаб чиқарилиш шакли 200 мг ва 500 мг. У ҳаддан зиёд ва анча пайтгача истеъмол қилинса, организм­да бир қанча ёмон ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Хусусан, жигар, буйрак, ошқозон ва бош­қа ички аъзоларда.

Биргина оч қоринга меъёридан ортиқ "Парацетомол" тушиши ошқозонда эррозия, кейинчалик ошқозон яраси касалликлари, ошқозонда кучли оғриқ ва қон кетиш, ошқозон перфорацияси (тешилиши) натижада ош­қозондаги суюқ масса қорин бўшлиғига оқиши (перитонит), ангионевротик шиш, бронхоспазм белгилари кабилар кузатилиши мумкин. Бундан ташқари, қон суюлиб, бурун ва ошқозон-ичак қисмларидан қон кетиш, тери остига қон қуйилиши мумкин. Жигарда ва буйракларда токсик реакциялар ҳисобига шу аъзолар функцияси бузилиши ва умумий организмда салбий ўзгаришлар қайд этилган.

Демак, бу сингари кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун ҳар бир дорини шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда, керакли дозаларда бериш ва хасталикнинг асосий сабабини суриштириб ва ўрганиб, унга даво муолажасини буюриш тавсия этилади.

Санжарбек АБДУРАҲМОНОВ,

РШТЁИМ Наманган филиали

болалар анестезиология-реаниматология

бўлими врач ординатори.