Носвойнинг асосий хом ашёси тамаки ўсимлигидир. Сўрилишини яхшилаш мақсадида унга қурилиш материали – оҳак қўшилади. Ҳидини яхшилаш учун эса ҳар хил тут барглари ва бошқа дарахт япроқлари ҳамда мой аралаштирилади. Шу нарсалардан антисанитария шароитида нос тайёрланади.

Носнинг икки хил таъсири бор, яъни – маҳаллий ва умумий. Биринчидан, оғиз бўшлиғига таъсири – яллиғланиш, стоматит келтириб чиқаради. Нос чекувчи оғзидан тарқалаётган турли ёқимсиз ҳидлар ён атрофдагиларни баҳузур қилади.

Носдан тутун чиқмайди, аммо у атроф-муҳитни ифлослайди. Икки-уч дақиқа тил остида турган нос таркибидаги тамаки, оҳак ва кул, сўндирилмаган пахта ёғи сўлакка аралашиб, қизилўнгач орқали ошқозонга тушади. Натижада сурункали гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, саратон хасталиклари пайдо бўлади. Шунингдек, нос қонга сўрилиб, мия, юрак, жигар, буйрак каби ҳаётий органларни ҳам аста-секин заҳарлайди.

Бундан ташқари қизилўнгач ва меъда саратони касалликларини келтириб чиқарувчи ҳам носдир. Бугина эмас, тил ости шиллиқ қаватларида битмайдиган хасталик, яъни лейкоплакия саратонолди касаллигини пайдо қилади.

Тўғри, нос таркибида гиёҳванд моддалар аниқланмаганлиги боис, унинг савдосига чеклов йўқ. Бироқ, соғлом турмуш тарзи талабларига риоя қилиш зурурлигини фарзандларимизга тушунтириш, уларни бу зарарли одат исканжасига тушиб қолмасликлари олдини олиш ғоят муҳимдир.

Абдунаби ЭШОНЖОНОВ,

Республика ихтисослаштирилган наркология

илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган минтақавий

филиали поликлиникаси бўлими мудири.

Зилола ТЎХТАСИНОВА,

поликлиника бўлими

катта ҳамшираси.