Вилоятимизда қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича "Профилактик ўн кунлик" ўтказилди. Бу тадбир Янги Наманган ва Давлатобод туманларида айниқса самарали якунланди. Тадбир давомида Янги Наманган туманида 715 та ит ва мушук рўйхатга олинди. Қутуриш касаллигига қарши эмланди. Эгаларига гувоҳномалар тақдим этилди.
Давлатобод туманида эса зооноз касалликлар юқишининг олдини олиш, ҳайвонлар ўртасида эпизоотик осойишталикни таъминлаш, аҳолини қутуриш касалидан эҳтиёт бўлишга огоҳлантириш бўйича тадбирлар ташкилланди. 19 та маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан учрашув-тарғиботлари уюштирилди. Мабодо, фуқаролар ҳайвонлардан жароҳатланса, зудлик билан мурожаат этишлари, унга қарши препаратлар, яъни вакцина ҳамда иммуноглобулин заҳираси етарли экани уқтирилди.
Албатта, дайди итларни йўқотиш чора-тадбирлари ҳам изчил кўрилмоқда. 2022 йили 860 таси тутиб, йўқотилган бўлса, жорий йилнинг икки ойида 180 тасининг изғиб юришига чек қўйилди. Қутуриш хавфидан шу йўсинда қутилиш мумкинлигини асло унутмайлик.
Ботиржон БОЗОРБОЕВ,
Янги Наманган тумани санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг
врач-эпидемиологи.