Педагогларни бола етакловчилар сифатида яхши биламиз. Улар билим бериш, тарбиялаш асносида ўқувчиларни маънавий-маърифий камолотга етказадилар. Бунга эришиш осон эмас. Бетиним изланиш, машаққат ва заҳмат чекиш эвазига қўлга киритилади. Шу ўринда бир савол туғилади: Агар бола соғлом бўлмаса-чи? Унда ўз-ўзидан педагогнинг саъй-ҳаракатлари кутилган натижа бермаслиги аниқ. Чунки, халқимиз "Соғлом танда – соғ ақл" деб бежиз айтмайди. Қачонки, ўғил-қизларимиз ҳам жисмонан, ҳам руҳан саломат ўсишса, мактаб сабоғини енгил ва муваффаққиятли ўзлаштириб бораверадилар. Демак, шифокорларнинг зиммасидаги вазифалар педагогларникидан асло кам эмас. Шу жиҳатдан қаралса, педиатрлар ҳам педагоглар кабидир. Масъулияти юқорилигига яраша шарафиям юксак. Буни чуқур англаб асло кам бўлмаяпмиз. Болаларнинг табассуми, ота-оналарнинг миннатдор нигоҳидан ҳамиша куч-қувват оляпмиз.
Биз – бахтиёр қизу аёллар авлодимиз. Жумладан, ўзим мустақиллик эълон қилинган қутлуғ йилда Андижон давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетини тамомлаб, иш бошлаганман. Лекин ўша пайтда бугунгидек имконият қаёқда дейсиз. Шўролар давридан мерос кўримсиз эски биноларда, оғир шароитларда бемор қабул қилиб, муолажаларга киришардик. Дастлаб Олчин маҳалласидаги амбулаторияда, Шаҳанддаги "Тез тиббий ёрдам" станциясида ҳамда қишлоқ шифохонасида болаларни даволадим. Малака маҳоратим ортгани устозларимга маъқул тушди шекилли кейин Тўрақўрғондаги марказий шифохонага ўтказишди, янги тизим – шошилинч тиббий ёрдам бўлими педиатрлигини зиммамга юклашди.
Албатта, бу ерда истиқлол ислоҳотлари туфайли киройи шароитлар яратиб қўйилган эди. Шифокоргаям, беморгаям қулайликлар етарли эканлиги учун натижа ёмон бўлиши мумкин эмасди-да. Кечагидек ёдимда, Бордимкўл қишлоғидан ярим кечада уч ёшли чақалоқни ғоят оғир ҳолатда келтиришди. Тонг отгунча ёнида оёқда тик турдик. Ҳушига келтириш учун ниманики зарур билсак, шуни қўлладик. Ниҳоят кўзини очгачгина, кўнглимизга нур югурди. "Саидахон синглим, бизга набирамизни қайтариб бердингиз, уни ўлим чангалидан тортиб олдингиз, Сизни тарбиялаган ота-онангизга, устозларингизга мингдан-минг раҳмат!" деган эди Усмонжон ота Жўрабоев кўзларида севинч ёшлари қалқиб. Ана шундай олқиш олган кезларимизда туни билан мижжа қоқмай, тонгни бедор қаршилаганимизгаям ич-ичимиздан рози бўлиб кетамиз. Ахир яна бир эртанинг эгаси, кимнингдир жигар порасининг ҳаётдан бевақт кўз юмиб кетмаслигига сабабчи қилган қодир Аллоҳимга шукроналар айтмасдан тура оламизми! Ўша чақалоқ бугун ўрта мактаб битирувчиси. Ўттиз бир йиллик фаолиятим давомида эса бундай юзлаб болаларнинг саломатлигини сақлаганимдан ўзгача ғурур туяман.
Ҳозирги болалар бўлими 2012 йилда олийҳиммат ҳомийлар томонидан мукаммал таъмирлаб берилган. Икки қаватли замонавий бинонинг ташқи қиёфаси қандай чиройли бўлса, ички шароитлар шунга монанд равишда ўзгартирилган. Ёруғ ва шинам хоналардаги жиҳозлару, қуллайликлар даволаш имкониятларининг етарли ҳолатдалиги учун ҳар биримизда ҳамиша яхши ишлаш иштиёқини уйғотиб туради. Бош ҳамшира Муҳайё Қорабоева ва унинг ҳамкаблари – Малоҳатхон, Онахон, Моҳирахон, Азизахон, Шаҳнозахон ва Ферузахонлар бир-биридан чаққон, бир-биридан чечан. Чақалоқлардан тортиб, мактаб ёшидаги дардманд болалар билан муолажаларни доимо беозор олиб боришади. Қўллари енгил, игналарининг санчиғи аксарият ҳолларда сезилмайди. Кичик беморларнинг ота-оналари эътирофларича улар: "Укол қилишнинг чинакамига ҳадисини олишган". Бунга сабаб ҳаммалари устоз кўрган юқори малака-маҳорат соҳибалари ҳисобланишади.
Ҳа, дарвоқе мен ўзим ҳам йиллар давомида устозлар сабоғидан бебаҳра қолмадим. Уларнинг даволашларини кузатдим, маслаҳатларини тингладим, тавсияларига амал қилдим. Элга таниқли, тажрибали педиатрлар – Абдулазиз Маматқулов, Дилмурод Исмоилов, Эдем Фетиев, неанотолог Роза Хайритдиновалардан ўрганганларим бисёр.
Бўлимимиз 80 ўринли. Интенсив муолажаларимиз ҳар бир хастаҳолни кўпи билан бир ҳафтада соғлиғини меъёрига тушираётганини назарда тутсак, ойига 320-350 нафар ўғил-қизларнинг фаол ҳаётга, мактабгача тарбия ташкилотига ва мактабида ўқишга қайтишларини таъминлаяпмиз. Бу, йилига 4000 оилага қувонч, шунча болага ҳузур- ҳаловат қайтаряпмиз дегани. Эришаётган натижаларимиздан фахрланмай бўладими!
Яна бир ҳолатни алоҳида тилга олишимиз лозим. Сўнгги йилларда тиббиётга эътибор кучайганидан кучаяпти. Энг оқсоқли бўғинни энг ривожланган бўғинга айлантириш тизими жорий этилди. Яъни бирламчи тиббий муассасалар – оилавий шифокорлик пункти ҳамда оилавий поликлиникалар кўпайди, фаолияти мутлоқ янги талабларга мувофиқ янгиланди. Тиббиётда ҳам маҳаллабай ишлашга ўтилди. Энди врачлару, ўрта тиббиёт ходимларининг қадами етиб бормаётган остона қолмаяпти. Патронаж ҳамширалар, оилавий шифокорлар хонадонма-хонадон юришяпти. Тиббий билимлар тарғиботида изчиллик юзага келмоқда. Ҳатто, бизнинг ўзимиз ётган беморларга, уларнинг ота-онасига тўғри овқатланиш, тиббий маданият ва жисмоний фаоллик талабларини тўхтовсиз тушунтириб боряпмиз.
Аниқ мақсадли ҳаракатнинг натижаси ҳам аниқ бўлиши табиий. Кейинги пайтда болаларнинг турли касалликларга чалиниб, оғир аҳволга тушиши камайяпти. Мавсумий хасталиклар афсуски оз эмас. Масалан, нафас йўллари инфекцияси туфайли истималаётган ва йўталдан озорланаётган беморларимиз ҳамон кўпчиликни ташкил қилмоқда. Камқон ва ревматизми борларни режали даволаб, дарддан халос этмоқдамиз.
Бироқ касални даволашдан кўра, унинг олдини олмоқ осон. Айниқса, ота-оналар ўзларининг бу борадаги масъулиятларини сира-сира унутмасликларини хоҳлардим. Истаймизми, истамаймизми ҳар қандай касалликнинг даволангандан кейин ҳам асорати қолиши эҳтимоли ноль даражада эмаслигини эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ.
Президентимизнинг аёлларга, шу жумладан, тиббиётчиларга ғамхўрликлари беқиёс. Бу каби юксак эътиборлардан муттасил баҳраманд эканмиз, ўзимизнинг бор билим ва малакамизни Янги Ўзбекистоннинг янги авлоди ҳар жиҳатдан соғлом, кучли ва бақувват бўлишига янада астойдил сарфлайверамиз.
Саидахон САИДОВА,
Тўрақўрғон тумани марказий
шифохонаси болалар
бўлимининг олий тоифали педиатр-врачи.